БМТ агентлиги Ўзбекистон ҳукуматига гуманитар ёрдам учун миннатдорчилик билдирди

Ғазога жўнатилаётган гуманитар ёрдам. Иллюстратив сурат.

БМТнинг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги гуманитар миссияга ёрдам сифатида 1,5 миллион доллар ажратгани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирди. Агентликнинг 13 ноябрда маълум қилишича, Ўзбекистон бу маблағни 2 ноябрда тақдим этган.

«Ғазода 7 октябрда бошланган ҳарбий ҳаракатлар оқибатида шу кунгача 11 мингдан кўпроқ киши ҳалок бўлди, улардан 70 фоизи аёллар, болалар ва кексалардир. Ўрта ҳисобда ҳар ўн дақиқада бир бола ҳалок бўлмоқда, икки бола яраланмоқда. Деярли 1, 5 миллион киши Ғазонинг турли ҳудудларига чиқиб кетди ва уларнинг деярли ярми Фаластинлик қочқинлар бўйича агентликнинг 154 объектида жон сақламоқда. Рафақ чегара назорат пункти орқали Ғазога 980 та юк машинасида гуманитар ёрдам олиб кирилди. Бу Ғазо бўлгасида тузоққа тушиб қолган икки миллиондан кўпроқ кишининг эҳтиёжлари олдида денгиздан бир томчи», дейилади агентлик баёнотида.

31 октябрь куни ўтган ҳукумат мажлисида Мирзиёев Ўзбекистон Фаластин халқига ва унинг мустақилликка бўлган ҳуқуқига “кучли хайрихоҳ” эканини ва БМТнинг ҳудуддаги гуманитар миссиясига ёрдам бериш учун 1,5 миллион доллар ажратилишини билдирганди.

У Ҳамас ва Исроил ўртасида уруш бошлангандан буён “бегуноҳ ва тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлаётгани”ни таъкидлаганди. ҲАМАС АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот деб тан олинган.