Грузия президенти Саломе Зурабишвили мамлакатда ўтказилган парламент сайлови натижалари қайта кўриб чиқилиши учун Ғарб мамлакатларини “Грузия орзуси” ҳукмрон партиясига жиддий босим ўтказишга чақирди.
“Агар босим ўтказилмаса, бу Ғарбнинг Грузияни европача истиқбол ва ғарб томонида тутиб туришга ҳаракат йўлида қўлидан келган барча ишни қилмаганини англатади”, дея қайд этди Зурабишвили Озодликнинг грузин хизматига берган интервьюсида.
Грузияда парламент сайлови 26 октябрь куни бўлиб ўтган. МСК маълумотига кўра, унда 54 фоизга яқин овоз билан “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси ғалаба қозонган. Грузия қонунларига мувофиқ, бу партия бир ўзи ҳукуматни шакллантириш ҳуқуқига эга бўлади. Парламентга кириш учун зарур бўлган беш фоизли тўсиқдан мухолифатдаги тўрт партия — “Ўзгаришлар учун коалиция”, “Бирдамлик – Миллий ҳаракат”, “Кучли Грузия” ва “Гахария Грузия учун” партиялари ўтган.
Зурабишвили ва мухолифат сайловда 300 мингга яқин овоз ҳукмрон партия фойдасига сохталаштирилганини билдиришган. Президент “Грузия орзуси” ўз сайловолди кампанияси чоғида Россия нарративаларидан фойдаланганини ҳам қайд этган.
ЕХҲТ вакиллари Грузиядаги сайлов жараёни халқаро демократик стандартларга етарли даражада мувофиқ бўлмагани билдиришган. Ташкилот сайлов пайтида овоз сотиб олиш, икки марталаб овоз бериш, жисмоний зўравонлик ва қўрқитиш каби ҳолатларни қайд этган. Айни пайтда ЕХҲТ овоз бериш чоғида тўғридан-тўғри сохталаштириш ҳолатларини тасдиқлаган эмас.
Зурабишвили Озодликка берган ўз интервьюсида маҳаллий ташкилотлар сайловдаги қонунбузарликларга оид далилларни кўрсатиш учун маълумот йиғиш устида ишлаётганини билдирган.
Бу орада Грузия Марказий сайлов комиссияси 29 октябрь куни ҳар бир сайлов округидаги бешта участкада бюллетенлар қайта саналишини эълон қилган.
28 октябрь куни Тбилисида мухолифат тарафдорларининг кўп минг кишилик митинги бўлиб ўтиб, унда Зурабишвили ғарб мамлакатлари лидерлари билан мулоқот қилгани ва улар ҳам сайловларни нолегитим деб ҳисоблаётганларини билдирган.
2012 йилдан буён ҳокимият тепасида бўлган “Грузия орзуси” авваллари ғарбча сиёсат юритиб келаётган эди, бироқ сўнгги икки йил ичида партия, иддаоларга кўра, Россия ўзанига тушиб олган. Партия бу иддаолар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтмоқда.
Россия ҳам Грузия сайловларига аралашганини рад этиб келяпти.