2018: ўтган йилнинг хушхабарлари

2018 йил ҳам ғириллаб ўтиб кетди. Аммо одатий серташвиш кунларда эшитиб одатланганимиз суронли-ваҳимали сарлавҳалар орасида, баъзан кишини руҳлантирадиган, завққа тўлдирадиган хабарларни ҳам эшитдик. Қуйида улардан баъзиларини ёдга оламиз.

Непал тоғларида соябон тутган қизалоқ. Амос Чаппл фотосурати.

1. Сентябрь ойида Брукингс институти тарихда илк маротаба жаҳон аҳолисининг ярмидан кўпи ўртача ёки бой яшаётганини хабар қилди.

Ташкилот кинога тушиш, таътилга бирор ерга бориш ёки мотоцикл каби маҳсулотларни харид қилишга қодир одамни ўртача яшайдиган шахс ўлароқ таърифлаган.

Ташкилотнинг ушбу таърифи бир оз кенг қамровли бўлса-да, жаҳон бўйлаб камбағаллик озайиб бораётгани фактдир: 1980 йилда жаҳон аҳолисининг 36 фоизи камбағаллик чизиғидан қуйида яшаган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 9 фоизга тушган.

Совет Иттифоқининг сўнгги кунларида шампань ичаётган Россия ёшлари. Андрю Безукладников/Russiainphoto.ru фотосурати.

​2. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, россияликлар орасида спиртли ичимлик ичиш озайиб бормоқда.

Ташкилот тайёрлаган ҳисоботда 2016 йилда россияликлар ўртача 11,7 литр тоза алкоголь ичгани, бу кўрсаткич 2005 йилда 17,8 литрни ташкил қилгани айтилади. Ҳозирда россияликлар немислардан ҳамда фаранглардан оз спиртли ичимлик ичади. Бунга қарамасдан, Россияда ичкиликка муккасидан кетиш ҳолатлари кенг учрайди: мамлакатда ичкиликбозлар бир ўтиришда 60 грамм ёки ундан кўп алкоголь истеъмол қилади.

Руанда миллий паркидаги ёш тоғ горилласи. Shutterstockдан олинган сурат.

3. Марказий Африкада яшовчи тоғ гориллалари йўқолиб бораётган турлар рўйхатидан чиқарилди. Ушбу гориллаларнинг сони 1989 йилда 620 га тенг бўлган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 1000 тага етган.


Ўрмонда яшовчи тоғ гориллалари сони браконьерлик туфайли 1990 йилларгача кескин озайиб кетган эди. Ушбу ҳудудда ишлаётган хайрия ташкилотларидан бири матбуот котибининг Reuters агентлигига айтишича, "рақамлар аслида кутилганидан ҳам кўп бўлган".

Норозилик намойишлари ортидан Арманистон бош вазири истеъфо берган кун халойиқ елкасига кўтариб олган аскар. Амос Чаппл фотосурати.

4. Арманистонда норозилик намойишлари ортидан порахўрликда айбланиб келаётган ҳукумат истеъфо берди.

Янги ҳокимият Арманистонда жорий қилган муайян ўзгаришлар ҳақида сўзлашга ҳали эрта бўлса-да, зўравонликсиз ўтган намойишлар ортидан ҳокимият алмашиши мамлакатда кўтаринки руҳ келтириб чиқарди. Декабрь ойида The Economist журнали Арманистонни "гирдобли ҳудудда жойлашган, кўп ҳолатларда яхши бошқарилмай келаётган қадимий мамлакат" ўлароқ таърифлаб, уни "йил мамлакати" деб атади.

Афғонистонда миналарни йўқ қилиш билан шуғулланиб келган HALO Trust ишчиси бошқарилган муҳитда миналарни зарарсизлантирмоқда. 2017 йил. Раҳмат Гул/AP фотосурати.

​5. Афғонистоннинг Ҳирот вилояти февраль ойида миналардан тозаланди.

Ҳудуддаги миналарнинг аксари 1980 йилларда маҳаллий жангчилар Совет кучларига қарши курашган пайтда ўрнатилган. Британиянинг HALO миналардан тозалаши гуруҳи 2008 йилда тозалаш ишларини бошлагунича вилоятда 125 нафар одам миналар туфайли ҳалок ёки майиб бўлган эди. Аммо Ҳиротнинг икки тумани жангарилар солган таҳдид туфайли миналарни йўқ қилиш ишларидан четда қолгани хабар қилинганди.

Хитойнинг Чжаньцзян шаҳрида ўз жонига қасд қилишга қарор қилган аёлни қутқарувчилар ҳамда оила аъзолари сақлаб қолишга уринмоқда. Пировардида аёлни қутқариб қолишган. 2012 йил. Reuters/Stringerдан олинган сурат.

6. Глобал миқёсда ўз жонига қасд қилиш 1994 йилдан бери 38 фоизга озайган.

The Economist нашри маълумотларига кўра, 4 миллион одам худкушлик қилиш ўрнига курашишда давом этишга қарор қилган. АҚШ ушбу ижобий тенденцидан истисно бўлиб, мамлакатда 2000 йилдан бери худкушликлар сони ортиб бормоқда.

Кениянинг Амбосели миллий паркидаги фил. Баз Ратнер/Reuters фотосурати.

7. Хитойда фил суяги савдосига қўйилган, 2017 йилнинг декабрида кучга кирган тўсиқ ижобий натижа кўрсатмоқда.

World Wide Fund for Nature гуруҳи Хитой кўчаларида сўров ўтказиб, "оқ олтинга" (пахта эмас, балки фил суягига) бўлган талаб кескин озайганини аниқлаган. Сўровда иштирок этган хитойликларнинг аксари қонунни қўллашларини билдирганлар. Эндиликда қўшни Вьетнам ҳам ўхшаш қонунларни жорий қилиши керак. Ҳозирда мазкур мамлакатда фил суяги савдоси чуқур илдиз отган.

Чернобилдаги 4-сонли реактор қолдиқларини ўраб турувчи иншоот яқинидаги қуёш панеллари. Solar Chernobyl фотосурати.

8. Чернобил фожиасидан 32 йил ўтиб, шаҳарда илк қуёш батареялари ишга тушди.


Радиацияга тўйинган ерни қазиш ман этилгани учун Чернобилга ўрнатилган янги қуёш панеллари 4-сонли реактор - портлаш эпицентрининг шундоқ ёнида жойлашган бетонларга ўрнатилди. 1,2 миллион долларга тушган украин-олмон лойиҳаси арзон ер ҳамда фожиа ортидан ташлаб кетилган ядро электр станциясининг мавжуд электр инфратузилмасидан фойдаланди.

Бугунга қадар ўрнатилган панеллар 2000 квартирани электр энергияси билан таъминлашга қодир бўлиб, ширкат лойиҳани янада кенгайтиришни режалаштирмоқда.