Германия канцлери Ангела Меркель Россия расмийларини мухолифатчи Алексей Навальнийни ҳибсдан озод қилишга чақирди. Бу ҳақда Deutsche Welle (“Немис тўлқини”) хабар қилди. Меркелга кўра, Германия ҳукумати бундай қадам жуда тўғри бўлади, деб ҳисоблайди.
Алексей Навальний 17 январь куни Берлиндан Москвага учиб келиши билан қўлга олинган. Германияга у ўтган йил ёзида “Новичок” моддаси билан заҳарланиши ортидан олиб кетилган ва ўша ерда даволанганди. Навальний Россия пойтахтида қўлга олинганидан бир кун ўтгач, у 30 кунлик ҳибс муддатини ўташ учун “Матросская тишина” тергов ҳибсхонасига йўлланган. Бу борада судга Жазони ўташ федерал хизмати илтимоснома киритган. ЖЎФХ вакилларига кўра, Навальний заҳарланганидан кейин Германияда даволанишда бўлган пайтда назоратдан қочиб юрган ва синов муддати шартларини бузган. Ваҳоланки, Навальнийга даволаниш учун Германияга кетишга Россия мулозимлари томонидан расмий рухсат берилганди. Мухолифатчининг адвокатлари унинг тергов ҳибсхонасига йўлланиши ноқонуний, дея билдирганлар.
Германиянинг Der Spiegel журнали хабарига кўра, Европа парламенти ЕИдан “Шимолий оқим – 2” газ қувури қурилишини тўхтатиш ҳамда Навальнийнинг қўлга олиниши ва ҳибс этилиши ҳақида қарор берган шахсларга қарши санкция киритилишини талаб қилмоқчи. Резолюция лойиҳаси 21 январь куни овоз беришга қўйилади.
Ҳужжат муаллифларига кўра, мухолифатчига қилинган ҳужум учун масъул бўлган шахслар, “россиялик олигархлар”, “президент Путинга яқин бўлган кишилар” ва “оммавий ахборот воситаларидаги пропагандистлар”га нисбатан ҳам чеклов чоралари қўлланилиши лозим.
Европарламент резолюциялари тавсия характерига эга бўлиб, уларни бажариш мажбурий эмас, бироқ улар Европа Иттифоқи таркибига кирган давлатлар учун сиёсий йўриқнома вазифасини ўтайди. Санкциялар ЕИга кирган 27 мамлакат қарори билан жорий этилади.
Россия расмийлари Навальнийнинг заҳарланишига ўзларининг алоқалари йўқлигини айтиб келадилар.