Германия 30 август куни бир гуруҳ афғонистонликларни ватанига депортация қилган. ГФР ҳукумати расмий вакили Штеффен Хебештрай Германияда судланган 28 нафар афғонистонлик тушган Qatar Airways авиаширкати учоғи Лейпциг/Ҳалле аэропортидан Кобул йўналишида учиб кетганини тасдиқлаган.
Бу “Толибон” радикал гуруҳи вакиллари 2021 йил августида Афғонистонда ҳокимият тепасига келганидан буён амалга оширилаётган илк депортациядир. Ватанига йўлланган афғонистонликлар ГФРнинг 11 федерал еридаги қамоқхоналарда жазо ўтаётган бўлган. Депортация канцлер маъмурияти ва махсус хизматлар томонидан икки ой давомида ҳозирланган.
Хебештрайт ва Саксония Ички ишлар вазирлиги вакиллари бу ерда гап Германияда қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган маҳкум жиноятчилар ҳақида бораётганини билдиришган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари қайдича, улар орасида террорчи гуруҳларга алоқадорликда гумонланганлар ҳам бўлган.
Депортация олдидан ватанига йўлланаётган ҳар бир афғонистонликка 1000 евродан пул берилган. Учоқ бортида уларни врач кузатиб кетган.
Золингендаги терактдан кейин ГФР канцлери Олаф Шольц жиноий моддалар бўйича судланган ва терроризмда гумонланганларни Афғонистон ва Сурияга депортация қилиш жараёни қайта тикланганини билдирган эди. Бунга шу пайтгача “90-йиллар иттифоқи/Яшиллар” партияси ва унга мансуб бўлган ГФР ташқи ишлар вазири Анналена Бербок қарши чиқиб келган. Бироқ бугунги депортациядан олдинроқ ТИВ раҳбари Бербок rbb телерадиокомпаниясига алоҳида ҳолатларда бу каби мамлакатдан бадарға қилишлар эҳтимоли борлиги ва улар амалга ошириб борилишини билдирган.
Афғонистонга депортация таркибига "Яшиллар" партияси ҳам кирадиган ГФР ҳукмрон коалициясида баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Бунга толиблар ҳукмрон бўлган мамлакатда инсон ҳуқуқларига риоя қилинмаётгани сабаб ўлароқ келтирилган. Федерал ерлар ички ишлар вазирлари эса оғир жиноятлар содир этаётган мигрантлар ва эҳтимолий террорчилар депортация қилиниши лозимлигини таъкидлаб келишмоқда.
ГФР ички ишлар вазири Нэнси Фезер Золингендаги терактдан кейин “тез орада депортациялар” бўлишини билдирганди. Германия ҳукумати ўз принципларидан келиб чиққан ҳолда “Толибон” билан мутлақо музокара олиб бормаётгани, бироқ бу каби музокараларда қўшни давлатлар иштирок этаётганини таъкидлаган.
ГФР ҳукумати мигрантлар бўйича чоралар пакети ва бошпана тақдим этиш масалаларини ҳам муҳокама қилган. Пакетда мигрантларга ёнида пичоқ олиб юришни тақиқлаш ва хавфсизлик идораларига қўшимча ваколатлар бериш каби чоралар кўзда тутилган.