Кремль томонидан назорат қилинадиган ТАСС 5 март куни Қозоғистон 2026 йилдан Россия газининг Ўзбекистонга транзитини 11 миллиард куб метрга етказмоқчи экани тўғрисида хабар берди.
Ўзбекистон расмийлари ҳозирда Қозоғистон орқали йилига уч миллиард куб метр газ транзит қилинаётганини билдирган.
Ўзбекистоннинг 2024 йил биринчи чорагига мўлжалланган инвестиция дастурида эса Россиядан табиий газ импорти ҳажмини ошириш мақсадида магистрал газ тизимини модернизация қилиш режалаштирилгани қайд этилган.
Ўзбекистон 2023 йилнинг октябридан Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали импорт қилишни бошлаганди.
Озодлик радиоси 5 март куни “Путиннинг бир қўлидан иккинчи қўлига. "Газли" омбори Фозиловга ўтди” деб номланган суриштирувни эълон қилди.
Суриштирувда Ўзбекистон энергетикасининг де-факто қиролига айланган Бахтиёр Фозилов эндиликда мамлакат газ-транспорт тизимининг "юраги" саналган "Газли" газ омборини ҳам қўлга олгани айтилади.
“Украинадаги уруш ортидан юзага келган янги геосиëсий реалликда Россия газ қувурлари ўтувчи Қозоғистон ва Ўзбекистон билан "Газ иттифоқи" деб аталган махфий келишув имзолади¸ Ўзбекистонга 2.8 миллиард куб метр газ импорт қилиш иддаоси билан бу қувурларни реверс режимида ишга туширди.
Ўзбекистон ҳукумати ҳозиргача 2023 йил 7 октябрь - Путиннинг туғилган кунида тантана билан старт берилган бу келишув ортидан қанча газ¸ қанча нархда импорт қилинганига оид бирор маълумотни очиқламаган”, дейилади Озодлик суриштирувида.