Ўзбекистонда эрта никоҳни тарғиб қилувчи видеолавҳа тайёрлаб, ижтимоий тармоқларда тарқатган сурхондарёлик блогер жаримага тортилган. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда “Сурхондарёда 2008 йилда туғилган қизнинг икки фарзанди бор”лиги ҳақида видео тарқалганди.
Аниқланишича, 2024 йилнинг 21 ноябрь куни блогерлик билан шуғулланувчи А.Ш. (эркак) 17 ёшли йигит ва 15 ёшли қизнинг фарзанди борлиги иддао қилинган видеони Instagram саҳифасига жойлаган.
Болалар омбудсмани таъкидича, блогер ҳақиқатга зид вазият акс этган видеода эрта никоҳ ҳолатини ижобий воқелик сифатида баҳолаган.
Болалар омбудсмани сўровига мувофиқ эрта никоҳни тарғиб қилиш ҳолати жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳри суди томонидан кўриб чиқилган.
Суд блогерни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202−2 моддаси 1-қисмида (ёлғон ахборот тарқатиш) белгиланган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топган ва унга БҲМнинг 4 баробари миқдорида (1,5 млн сўм) жарима тайинлаган.
Йигит ва қиз эса бундай номақбул ҳаракатларга йўл қўймаслик бўйича огоҳлантирилган.
Тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган ушбу ҳодиса ортидан Болалар омбудсмани вояга етмаган шахс билан никоҳни тарғиб қилишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларни тақиқловчи махсус қонун нормаларини жорий этишни таклиф қилган.
Маълумот ўрнида, 2019 йил 1 сентябридан Ўзбекистон қонунчилигига эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёшини 18 ёш этиб белгиловчи норма киритилган. Унга қадар оила қуришнинг энг кичик ёши йигитлар учун 18, қизлар учун 17 ёш бўлган.
Аввалроқ Equality Now халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистонда, энг паст кўрсаткичда бўлса-да, болалар никоҳи мавжудлигини маълум қилганди.