Эронда аҳлоқ полицияси тугатилгани тўғрисида бош прокурор Муҳаммад Жафар Мунтазирий маълум қилди. Эронда икки ойдан бери давом этаётган норозилик намойишлари иштирокчиларининг талабларидан бири аҳлоқ полициясини тугатиш эди.
“Аҳлоқ полицияси одил судловга ҳеч қандай жиҳатдан алоқадор эмас”, деб айтган бош прокурор.
Мунтазирийнинг айтишича, ҳукумат аёллар ҳижоб ўраб юришга мажбурлиги тўғрисидаги қонунни қайта кўриб чиқиши мумкин. Унга кўра, бугунги кунда бу масала парламент ва Адлия вазирлиги ҳамкорлигида муҳокама қилинмоқда. Бу борадаги қарор бир ёки икки ҳафта ичида қабул қилинади.
Бундан аввал Эрон расмийлари норозиларнинг бу каби талаблари бажарилиши иложсиз эканинии билдирган эди. Теҳрон норозилик намойишларини АҚШ, Исроил ва бу давлат билан боғлиқ “террорчи, сепаратчи гуруҳлар”, Ироқда манзил қурган курд мухолифатчилари уюштиргани тўғрисида баёнот берган.
Аҳлоқ полицияси Эронда 2006 йилда президент Маҳмуд Ахмадийнажот даврида таъсис этилган эди. Бу полиция биринчи навбатда аёлларнинг «камтарона аҳлоқи»ни назорат қилган. Эронлик аёллар ва қизлар аҳлоқ полицияси ўзларига нисбатан қўпол муомилада бўлганини қайд этганлар.
Қатарда ўтаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатида 21 ноябрь куни Эрон терма жамоаси мусобақа бошланишидан аввал ўз мамлакати гимнини куйлашдан бош тортди.
Жамоа сардорининг айтишича, футболчилар Эронда давом этаётган норозилик намойишлари иштирокчилари билан бирдам эканликларини билдириш мақсадида мана шундай қарорга келишган. Эрон гимни мусиқаси янграган пайтда эронлик футболчилар уни куйламади. Футбол ишқибозлари ҳам уларни қўллаб-қувватлади.
Эрондаги норозилик намойишлари сентябрь ойи ўрталарида 22 ёшли Маҳса Аминий ўлимидан сўнг бошланиб кетган. Курд миллий озчилигига мансуб бўлган бу аёл рўмолини рисоладагидек ўрамагани учун Теҳронда ахлоқ полицияси томонидан тутилиб, калтаклангани ортидан жон берган эди.
Шу кунгача давом этаётган намойишларни полиция куч қўллаб тарқатишга ҳаракат қилмоқда. Ҳуқуқ фаолларига кўра, полиция куч қўллагани ортидан камида 400 намойишчи, жумладан, 40 нафар бола ҳалок бўлди. Намойишда иштирок этгани учун 15 мингдан кўпроқ киши қўлга олинди. 14 ноябрда Эрон суди қўлга олинган норозиларга нисбатан илк ўлим ҳукмини чиқарди.