Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев 27 февралда ўтган йиғилишда 2023 йилда ҳудудларда 18 та қуёш электр станцияси қурилиши ва электр энергияси ишлаб чиқариш ўтган йилга қараганда 50 фоизга оширилиши тўғрисида кўрсатма берди.
Мирзиёевнинг қайд этишича, сўнгги уч йилда энергетика соҳасига 8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар киритилган. Бундан ташқари 2023 йилда президентнинг 16 февралдаги қуёш панеллари тўғрисидаги қарорига асосан тадбиркорлар, ижтимоий соҳа ва аҳоли хонадонларида 1 минг 700 Мегаватт қувватли қуёш панеллари ўрнатиш кўзда тутилган.
Сўнгги марта Ўзбекистон расмийлари ўтган йилнинг кузида куз-қиш мавсумида энергетик инқирозга йўл қўйилмаслиги тўғрисида ваъда берган эди. Жумладан, Энергетика вазирлиги октябрь ойида қишда аҳолига ўтган йилгидан кўпроқ электр беришни ваъда қилганди.
Энергетика вазирлигининг расмий сайтида куз-қиш масумида ўзбекистонлик истеъмолчиларга 34 млрд 918 млн киловатт-соат электр энергияси етказиб берилиши ва бу ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда 2 млрд 540 млн киловатт-соатга кўплиги қайд этилганди. Вазирликка кўра, аҳолига етказиб бериладиган электр энергияси миқдори 10 млрд 938 млн киловатт-соатни ташкил этади.
“Бош вазир ўринбосари, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 10 октябрда ўтказган йиғилишда куз-қиш даврида истеъмолчиларга жами 30,6 млрд куб метр табиий газ етказиб берилиши қайд этилди. Унинг 10,4 млрд куб метри аҳолига ва 20,2 млрд куб метри иқтисодиёт тармоқларига берилади”,дейилган эди расмий хабарда.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келган 2016 йилдан бери аҳолининг энергетик таъминотини яхшилашга ваъда бериб келади. Бироқ ҳар йили куз-қиш мавсумида Ўзбекистонда энергетик инқироз юз бераётгани кузатилади.
Расмийларнинг билдиришларича, Ўзбекистонда электр энергиясининг 90 фоизи иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқилади. Бунинг учун газ ва кўмир ишлатилади. Энергетика вазирлиги ва унинг тузилмалари ИЭСлар учун қиш мавсумида газ билан етарли даражада таъминланмагани учун инқироз юз бераётганини тан олган.