Марказий Осиё ва Қозоғистонни боғловчи ягона энергетик тизимининг электр узатиш тармоқларида режадан ташқари содир бўлган узилишлар ортидан Ўзбекистондаги бешта иссиқлик электр станциясида аварияга қарши автоматика ишга тушган ва ИЭСлардаги энергоблоклар ўчирилган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати баёнот тарқатди.
Вазирлик қайдича, авария оқибатида Тўрақўрғон ИЭСда қувват 750 мегаваттдан 500 мегаваттгача, Тахиатош ИЭСда 280 мегаваттдан 150 мегаваттгача, Навоий ИЭСда 450 мегаваттдан 230 мегаваттгача, Тошкент ИЭСда эса 370 мегаваттдан 180 мегаваттгача камайган. Бундан ташқари, Талимаржон ИЭСнинг умумий қуввати 900 МВт бўлган иккита буғ-газ қурилмаси ўчирилган.
“Айни пайтда Талимаржон ИЭСда қурилмаларни ишга тушириш жараёни амалга оширилмоқда, қолган электр станцияларда иш режими қайта тикланган”, дейилган баёнотда.
Энергетика вазирлиги юзага келган авария ҳолати важидан яқин соатларда электр энергияси таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилишини маълум қилган.