Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Толибон ҳаракати томонидан шакллантирилган Афғонистон ҳукуматидаги муваққат мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб билан учрашган.
“Tolo news” хабарига кўра, Афғонистонда кечган музокарада чегара ва икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга доир масалалар муҳокама қилинган.
Муҳаммад Ёқуб “Ислом амирлиги ривожланиш лойиҳаларини амалга оширишда ҳамкорликка тайёрлиги”ни билдирган.
2023 йил март ойида Толибон мулозими Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов ва Афғонистон бўйича махсус вакил Исматулла Эргашевни қабул қилганди. Расмий хабарларда Ўзбекистон томони “Толибон” ҳаракатига сиёсат, иқтисод, хавфсизлик каби соҳаларда кўмак таклиф этгани маълум қилинган.
2023 йил октябрь ойида эса Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги делегацияси Афғонистонда меҳмон бўлган. “Толибон” маъмурияти Афғонистон юкларининг Ўзбекистон орқали транзити учун тўловни камайтиришни сўраган. Томонлар товар айирбошлаш ҳажмини йилига 3 миллиард долларга етказиш истагини билдирган.