Telegram асосчиси Павел Дуров ўз каналида Францияда қўлга олинганидан кейинги илк постини ёйинлади.
Ўз обуначиларига дастак учун ташаккур билдирган Дуров Франция полицияси уни 4 кун давомида сўроқ қилганини маълум қилди. Тадбиркорга кўра, полициячилар Дуровга бошқа одамлар Telegram’дан ноқонуний мақсадларда фойдалангани учун у жавобгар эканини ҳамда у яратган ижтимоий тармоқ маъмурияти расмийлар “сўровларига жавоб бермагани”ни айтишган.
Дуров ўзига билдирилган эътирозлар унинг учун “кутилмаган” бўлганини қайд этган. Тадбиркор постида ёзилишича, бу вазият “ажабланарли”дир, чунки “Telegram’нинг Европа Иттифоқида сўровларга жавоб берувчи расмий вакили бор”, ўзи эса “Францияда террорчилик таҳдидига қарши курашиш учун Telegram’нинг қайноқ линиясини яратишга шахсан ёрдам берган” ва ўтган вақт мобайнида франциялик расмийларда “ёрдам сўраш учун” у билан алоқа ўрнатишнинг кўплаб йўллари бўлган.
Дуров, агар бирор-бир мамлакат интернет-хизматдан норози бўлса, мавжуд амалиётга мувофиқ, учинчи шахслар томонидан содир этилган жиноятларда бош директорни айблаб ўтирмасдан, бутун бошли хизматга қарши судга ариза киритиши лозимлигини урғулаган.
“Биз баъзан мамлакатнинг назорат органи билан конфиденциаллик ва хавфсизлик ўртасида мувозанатни сақлаш бўйича келишолмай қоламиз. Бундай ҳолатларда биз бу мамлакатни тарк этишга тайёрмиз. Биз кўп марта шундай йўл тутганмиз. Россия кузатувни таъминлаш учун биздан “шифрлаш калитлари”ни топширишни сўраганида, биз бундан бош тортганмиз ва [пировардида] Telegram Россияда тақиқлаб қўйилган. Эрон биздан тинч намойишчилар каналларини блокировка қилишни талаб қилганида, биз бош тортганмиз ва [пировардида] Telegram Эронда тақиқланган. Биз ўз принципларимизга тўғри келмайдиган бозорларни тарк этишга тайёрмиз, чунки биз бу ишни пул учун қилаётганимиз йўқ”, дея таъкидлаган Дуров.
Айни пайтда тадбиркор Telegram’да жиноятчиларга қарши курашиш бўйича чоралар кўришни ваъда қилган.
“Мен бу борадаги вазиятни сезиларли даражада яхшилашга эришишни ўз олдимга шахсий мақсад қилиб қўйди. Биз ширкат ичида бу жараённи аллақачон бошладик ва тез орада мен бу борадаги олға силжишларимиз ҳақидаги тафсилотли маълумот билан ўртоқлашаман”, дея хулоса қилган Дуров.
Telegram асосчиси Павел Дуров 25 августга ўтар кечаси Озарбайжондан Францияга хусусий учоқ билан учиб келган пайтда Ле-Бурже аэропортида қўлга олинган эди. 26 август куни Париж прокуратураси июль ойида Telegram платформаси ёрдамида амалга оширилган муҳтамал жиноятлар билан боғлиқ равишда жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълум қилган. Дуров ана шу иш тергови доирасида қўлга олинган. У ерда 12 хил жиноят ҳақида гап борган.
Бир неча кун давом этган сўроқ ортидан Павел Дуров Францияда суд назорати остига олинган. Унга мамлакат ҳудудини тарк этиш тақиқланган. Париж прокуратураси томонидан ўтган ҳафта тарқатилган баёнотда Дуров беш миллион евро миқдорида гаров пули тўлаши ҳамда ҳафтасига икки марта полицияда қайддан ўтиши лозимлиги айтилган.