Қирғизистон парламенти депутати қирғиз чегарачилари ўзбекистонликлардан пора талаб қилаётганини айтди

Қирғизистон - Ўзбекистон чегарасидаги "Достук" назорат-ўтказиш бекати.

Қирғизистон парламенти депутати Алишер Қўзуев қирғиз-ўзбек чегарасидаги “Дўстук” назорат-ўтказиш пунктида чегарачилар Ўзбекистон фуқароларидан пул таъма қилаётгани тўғрисида маълум қилди. У парламентнинг 1 июндаги йиғилишида ҳукуматдан “бу масалага алоҳида эътибор қаратиш”ни талаб этди.

“Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтишда ҳеч қандай навбат йўқ. Бизнинг чегарачилар эса сунъий равишда навбатларни пайдо қилиб, Ўзбекистон фуқароларига турли тўсқинликларни яратишмоқда. Бу ердан кунига 10 минг киши ўтар экан. Бу чегара пунктида катта гуруҳга бирлашган шахслар ўзбекистонликлардан 200 сом билан етадиган жойга олиб бориш учун 5 минг сомгача пул талаб қилишар экан”,- деди депутат.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати депутатнинг бу баёнотига муносабат билдирар экан, чегарачилар томонидан Ўзбекистон фуқароларидан пул таъма қилиш ҳолатлари аниқланмаганини билдирди.

Чегара хизматининг маълум қилишича, мана шу каби иддаолар ортидан “Достук” чегара пунктига пресс-тур уюштирилган ва журналистлар мазкур тур давомида чегарачилар фуқаролардан пул талаб қилаётгани юзасидан бирорта фактни аниқламаган.

Чегара хизмати депутатни фактларга таянишга ва “ҳақиқатга зид” баёнотлар билан жамоатчиликни “безовта қилмаслик”ка чақирди.