КХШТ Донбассга тинчликпарвар кучлар юбориши мумкинлигини билдирди

КХШТ 20 йиллик тарихи давомида илк маротаба 2022 йилнинг январида намойишларни бостириш учун Қозоғистонга қўшин киритган эди.

КХШТ, зарурат туғилган тақдирда, Донбассга тинчликпарвар кучлар юбориши мумкинлиги тўғрисида 17 февраль куни ташкилот бош котиби Станислав Зас Рейтер агентлигига берган интервьюсида маълум қилди. У буни Москванинг НАТОга жавоби дея изоҳлаган.

Аввалроқ Украина шарқидаги Донбасс минтақасида ўзиларини мустақил республика сифатида эълон қилган Донецк ва Луганск сепаратчилари Украина ҳарбийлари билан отишмалар бошланганини, аҳоли Россия ҳудудига эвакуация қилинаётганини билдирган эди.

Ўтган ой ўзининг 20 йиллик тарихида биринчи марта Қозоғистондаги намойишларни бостириш учун Қозоғистонга қўшин киритган ташкилот раҳбари Зас Украинадаги инқирозни ҳал қилишнинг ягона йўли музокаралар эканлигини таъкидлади.

КХШТ ўзининг олти аъзоси - Россия, Беларус, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон қуролли кучларига таянади. Умумий фаол ҳарбий кучлари 900 000 кишидан иборат Россия ҳозиргача КХШТнинг энг қудратли аъзоси ҳисобланади ва ташкилотнинг бирлашган ҳарбий штаб-квартирасини бошқарувчиси россияликдир.

Заснинг айтишича, КХШТ доимий шай ҳолатда бўлган 17 минг кишилик қўшин ва 4 мингга яқин аскардан иборат махсус тинчликпарвар кучларга эга.