Ўзбекистонда “Док-1 Макс” препаратини қабул қилгани ортидан вафот этган болалар сони 18 нафарга етган. Бу ҳақда Омбудсман матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Мазкур дори воситаси таъсирида 15 нафар бола нобуд бўлгани ҳақида аввалроқ Озодлик хабар қилган эди.
Самарқанд вилоят болалар кўптармоқли тиббиёт маркази бош врачи М. Азизовнинг бу борада вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д. Жуманиёзовга 15 декабрь куни ёзган хатида айтилишича, “Док-1 Макс” ичирилган 21 нафар бемор болада “буйрак зарарланиши ва етишмовчилиги белгилари намоён бўлган”.
Омбудсман матбуот хизмати қайдича, хасталар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятларидан бўлган, улардан уч нафари тузалиб кетган. Вафот этганларнинг барчаси 6 ёшгача бўлган болалар бўлиб, уларнинг 15 нафарининг ёши 3 га ҳам етган эмас.
“Мутахассислар “Док-1 Макс” препарати қўлланилиши кўрсатмасида препаратни 2 ёшдан қўллаш мумкинлиги кўрсатилганлиги, лекин шундай таркибли бошқа компаниялар препаратлари асосан 12 ёшдан кейин қўллашга рухсат берилганлигини таъкидлашди”, дейилган хабарномада.
Ҳодиса ортидан Ўзбекистонда мазкур препарат савдоси 2022 йил 22 декабридан вақтинча тўхтатилганини билдирилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанддаги дорихоналардан харид қилинган Ҳиндистоннинг Marion Biotech Pvt. Ltd компаниясига тегишли “Док-1 Макс” таблетка ҳамда лимон ва асал таъмли сироп дори воситалари ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтказилаётганини қайд этган.