Қирғизистоннинг Чотқол туманидан Ўзбекистон пойтахтига элтадиган йўл қурилиши бир ой ичида бошланиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Озодлик радиоси қирғиз хизматига Чотқол тумани ҳокими Алтинбек Сенирбаев маълум қилди. Унга кўра, ҳозирда йўлни лойиҳалаш ишлари якунланмоқда.
“Чотқол-Тошкент йўлини Бешорол қўриқхонаси орқали қуриш режаси ўзгарди. Ҳозирда лойиҳа чизилмоқда. Йўл қурилиши учун инвестор бор”, -деди ҳоким.
Сенирбаевга кўра, инвестор йўлнинг Қирғизистонга қарашли 70 километрли қисмини қуради. Қолган 80 километрни эса Ўзбекистон молиялаштиради. Йўлнинг умумий узунлиги 150 километрни ташкил қилади. Ҳозирги кунда Чотқолдан Тошкентга фақат от юрадиган йўллар орқали бориш мумкин.
Чотқол Қирғизистон жанубидаги энг олис ва шароити оғир тоғли ҳудуд бўлиб ҳисобланади.