Қирғизистоннинг Боткен вилоятида маҳаллий фуқаролардан бирини ўлдирганликда гумонланган тожикистонлик қўлга олинди.
Озодлик қирғиз хизматининг Боткен ИИБдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, 53 ёшли гумонланувчи аввал оғир жиноят содир этгани учун Ўзбекистонда судланган, Қирғизистонга эса ноқонуний йўллар билан келиб қолган. Самарқандек қишлоғида ушланган бу одамнинг ҳозирда вақтинча сақлаш ҳибсхонасида экани айтилмоқда.
Аввалроқ милицияга Исфана шаҳрида маҳаллий чойхонанинг эгаси бедарак йўқолгани ҳақида ариза тушган. Тезкор-тергов ҳаракатлари давомида 58 ёшли эркакнинг жасади ўша чойхонанинг кўмир омборидан топилган. Ҳодиса юзасидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 122-моддаси (“Қотиллик”) моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Тожикистон расмий идоралари ўз фуқаросининг Қирғизистонда қўлга олингани юзасидан ҳали бирор изоҳ берганича йўқ.