Июлнинг биринчи ҳафтаси об-ҳавони кузатиш тарихидаги энг иссиқ кунлар бўлди, деб билдирди БМТнинг Бутунжаҳон метеорология ташкилоти.
Ҳисоботда таъкидланишича, об-ҳавонинг рекорд даражада исиши иқлим ўзгариши ва Эль-Ниньо деб номланувчи ҳодисанинг бошланиши билан боғлиқ. Мазкур ҳодиса Тинч океандаги экваториал сувларнинг ҳарорати кўтарилиши ортидан пайдо бўлади.
Аввалроқ БМТ июнь об-ҳавони кузатиш тарихидаги энг иссиқ ой бўлгани тўғрисида маълум қилганди. Бутунжаҳон метеорология ташкилоти бу каби рекордлар 2024 йилгача яна бир неча марта қайдга олиниши кутилаётганини билдирган.
АҚШнинг Мэн штати университетининг Иқлим ўзгариши институти томонидан тузилган графикка асосан, Ер шарида ҳароратнинг кўтарилиши бўйича рекордлар 22 июндан бошланди. 6 июль куни Ер шари бўйича максимал ҳарорат 17, 23 °C бўлди. Бу рекорд натижадир.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш бугунги вазият "иқлим ўзгариши назоратдан чиқиб кетгани”ни кўрсатаётгани тўғрисида баёнот берди.
Қуруқликдан ташқари океан сувлари ҳам исимоқда. БМТ "бу ҳолат атроф-муҳитга ўта салбий таъсир кўрсатади” деб ҳисоблайди.
“Агар океанлар сезиларли даражада илиса, бу бутун жаҳонда атмосферага, денгиз ва музликларга таъсир кўрсатади”,- деди Бутунжаҳон метеорология ташкилотининг жаҳон иқлимини ўрганиш дастури раҳбари Майкл Спэрроу. Унга кўра, йил охирига келиб Эль-Ниньо таъсири кучлироқ сезила бошлайди.
Эль-Ниньо, одатда, АҚШ, Жанубий Америка, Африка ва Марказий Осиёда кенг миқёсли сув тошқинларига, Австралия, Жанубий Осиё, Индонезия ва Марказий Америкада қурғоқчиликка сабаб бўлади.
2022 йилдаги жазирамада Европада 61 мингдан кўпроқ киши вафот этди, уларнинг асосий қисми 80 ёшдан ошган шахслардир. Денгизлардаги жазирамадан эса миллиондан ортиқ қуш ҳалок бўлган.