Аctivist лойиҳаси блогери Ҳожиакбар Носиров 8 апрель куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди қарори билан 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари расмий телеграм каналида маълум қилинди.
1997 йилда Тошкентда туғилган Носиров ички ишлар органлари томонидан диний муҳитни соғломлаштириш амалиёти доирасида ўтказилаётган мониторинг натижасида қўлга олинган эди. Расман билдирилишича, Ҳожиакбар Носиров 5 апрель куни кармин E120 моддаси борлиги учун йогуртлар ҳаром экани тўғрисидаги видеони эълон қилганди.
Тошкент шаҳар судлари расмий телеграм каналининг билдиришича, Дин ишлари бўйича қўмита 7 апрелдаги 18-660-сонли хулосасида Ҳожиакбар Носиров “ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ғояларни тарқатганлигини аниқлаган”.
Судда блогер кўрсатма беришдан бош тортган. Суд қарори билан у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184−3-моддаси (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми бўйича тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, унга шу кодекснинг 34-моддаси тартибида 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган
Расмий билдирувда бу қарор устидан қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти ёки протест берилиши мумкинлиги таъкидланган.