Таниқли блогер Фарҳод Маннопов ўлимига ягона низомда белгилаб берилган бир қатор лицензия талаб ва шартлари бузилгани сабаб бўлган. “Газета уз”нинг Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб ёзишича, Star Med Center клиникасида ўтказилган текширув натижалари хулосаси мана шундай бўлган.
MittiVine тахаллуси билан танилган 27 ёшли Фарҳод Маннопов 5 мартга ўтар кечаси Star Med Center клиникасида бурни операция қилингани ортидан вафот этгани хабар қилинганди. У операциядан 20 дақиқа олдин ижтимоий тармоқда видео тарқатиб, бурнидаги жароҳатни бартараф этиш учун врачга мурожаат қилганини айтганди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда айтилишича, таниқли вайнер Манноповнинг ўлимига гўё “наркоз дозасининг ошириб юборилгани сабаб бўлган”.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги текширувида қайд этилишича, Star Med Center клиникасида блогерга анестезиолог ва реаниматолог сифатида хизмат кўрсатган шифокор Ж.Қ.да малакавий тоифа бўлмаган. Пластик жарроҳ шифокори Э.А., ҳам етарли даражадаги тажрибага эга эмаслиги аниқланган. У Андижон давлат медицина институтини 2019 йилда битирган.
Бош прокуратура блогернинг ўлими юзасидан 6 март куни Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилганини билдирганди.