Қирғизистон пойтахтида криминал милиция ходимлари сиёсатчи Ўмурбек Текебаевга ҳужум қилганликда гумонланган шахсни қўлга олишган. Бу ҳақда 1 декабрь оқшомида Бишкек ШИИБ матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Хабарномага мувофиқ, қўлга олинган шахс 23 ёшли чуйлик Э.И. бўлиб, ҳозирда у вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойланган. Бундан олдин у ўз ихтиёри билан Ўмурбек Текебаевга қарашли мобил телефонни топширган.
Ҳуқуқ-тартиботчилар жиноят ишининг бошқа иштирокчиларини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари ва тезкор тадбирлар давом этаётганини қўшимча қилганлар.
“Ата Мекен” партияси лидери Ўмурбек Текебаев 1 декабрь куни “Парк Отель” меҳмонхонасида номаълум шахслар ҳужумига учраган эди. У ҳужумни ўзининг сиёсий фаолияти билан боғлаб, ҳодисани сиёсий террор деб баҳолаган.
Президент Садир Жапаров ИИВга сиёсатчига ҳужум қилган шахсларни топиб, тегишли чоралар кўришни топширган. Бунинг ортидан ИИВ зудлик билан ҳужум ҳодисаси Жиноятлар ягона реестрида қайд этилиб, “талончилик” моддаси бўйича тергов бошланганини маълум қилган.
Кейинроқ “Ата Мекен” лидерининг тарафдорлари ҳужумчиларни топиш ва жавобгарликка тортиш талаби билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биноси олдида норозилик акцияси ўтказишган. МХДҚ сиёсатчининг телефони гўё хавфсизлик хизмати яқинида тургани ҳақида тарқатилаётган хабарларни “хафсизлик органларига нисбатан провокация ҳаракати” бўлиб ҳисобланишини билдириб, сиёсатчилар ва уларнинг тарафдорларини провокацион ҳаракатлардан тийилишга чақирган.