АҚШ президенти Жо Байден учинчи марта коронавирус юқтириб олди. Хасталик енгил тарзда кечмоқда, дея маълум қилди Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер аввалроқ президент барча зарур эмловлардан ўтганини қўшимча қиларкан.
81 ёшли Байден 17 июль куни Лас-Вегасдаги сайловолди тадбирига борган. Чоршанба оқшомида у ўша ерда нутқ сўзлаши лозим эди, бироқ бу чиқиш бекор қилинган.
Байденнинг врачи Кевин О’Коннор матбуотга президент шамоллаб қолгани ва йўталаётганини ҳамда вирусга қарши Паксловид препаратининг биринчи дозасини қабул қилганини маълум қилган. Кун аввалида у ўзини яхши ҳис қилган, бироқ кейинроқ COVID-19 анализи ижобий натижа берган.
Байденнинг Лас-Вегасга сафарини ёритган мухбирлар у учоқ трапидан секин ва эҳтиётлик билан кўтарилгани ҳақида хабар қилишмоқда, дея қайд этган Би-би-си.
Жан-Пьерга кўра, ўзини ўзи иҳота қилиш даврида Байден Делавэр штатидаги ўз уйида бўлади, бироқ у “ўз вазифаларини тўлиқ бажариш”да давом этади.
Кечга бориб Байден Х тармоғи орқали “яхши тилаклар” учун барчага миннатдорлик билдириб, ўзининг соғайиб бораётгани, “Америка халқи учун ишлашда давом этиши”ни урғулаган.
Жо Байден коронавирусга биринчи марта чалинаётгани йўқ. Ўтган сафар у инфекцияни 2022 йилнинг июль ойида юқтириб олганди.
Демократлар партиясидан бўлган кўплаб сиёсатчилар ва партия тарафдорлари Жо Байденни сайлов пойгасини тарк этишга чақиришяпти. Улар фикрича, 81 ёшли Байденнинг аҳволи республикачилар партияси номзоди Дональд Трампга қарши муваффақиятли кураш олиб боришга, ҳатто ғалаба қозонган тақдирда ҳам яна тўрт йил самарали фаолият юритишга имкон бермайди. Жо Байден ҳозирча сайлов пойгасидан чиқиш чақириқларига рад жавобини бериб келмоқда.