Байден Украинага ҳарбий ёрдамга оид қонун лойиҳасини имзолади

АҚШ президенти Жо Байден Оқ уйдаги брифингда, 2024 йил 24 апрели

АҚШ президенти Украинага қарийб 61 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам берилишини кўзда тутувчи қонун лойиҳасига имзо чеккан. Бу ҳақда Жо Байден 24 апрель куни Оқ уйда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Бугун дунё учун ажойиб кун. Бу Американинг ҳамкорлари ўз суверенитетларига қарши хавф-хатарлар билан кураша олишлари учун уларга берилган ҳаётий жиҳатдан зарурий дастакдир”, деган Байден.

Оқ уй вакиллари Украинага қурол-аслаҳанинг биринчи партиясини етказиш зудлик билан, шу ҳафтанинг ўзида бошланишини билдиришган. Ҳарбий ёрдамнинг қиймати қарийб бир миллиард долларга тенг бўлган илк пакетига ҳавога қарши мудофаа тизимлари, артиллерия, ракета тизимлари учун ўқ-дорилар ва зирҳли техника киради.

Украина ва АҚШнинг иттифоқчилари саналган бошқа мамлакатларга кўламли ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича муҳокамалар Қўшма Штатлар ҳукуматида салкам ярим йилдан буён давом этиб келаётган эди. 21 апрель куни қонун лойиҳаси АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси томонидан маъқулланган, 24 апрель куни эса ҳужжат Сенат томонидан тасдиқланган.

Қонун лойиҳаси доирасида ёрдамнинг 60 миллиард 800 миллион доллари Украинага, 26,4 миллиарди Исроилга ва Ғазо аҳолисига инсонпарварлик ёрдамига, 8,1 миллиарди эса Тайвань ва АҚШнинг Тинч океани минтақасидаги иттифоқчиларига ажратилмоқда. Консерватив республикачиларга ён бериш ўлароқ ёрдам пакетининг 10 миллиард доллари Украинага кредит шаклида ажратилган, бироқ бу қарздан ҳам 2026 йилда президентнинг махсус қарори билан кечиб юборилиши мумкин.