Байден ва Трамп Суперсешанбада ғалаба қозонди

Суперсешанбадага овоз бериш жараёни.

АҚШда 5 март – сешанба куни 15 штатда ва бир қарам ҳудудда Республикачилар ва Демократлар партиясининг праймеризлари ўтказилди. АҚШда Суперсешанба деб аталувчи мазкур тадбирда ҳар икки партиядан президентликка потенциал номзодлар аниқланади.

Республикачилар партиясидан 15 штатдан 12 тасида собиқ президент Дональд Трамп ғолиб бўлди. Унинг асосий рақиби ҳисобланаётган Жанубий Каролина штати собиқ губернатори ва АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Никки Хейли Вермонт штатида Трампдан кўп овоз олди.

Суперсешанбадаги барча овозлар ҳисобланганидан сўнг Трамп Республикачилар партияси съездида 781 делегатга, Хейли эса 49 делегатга эга бўлади. Трамп Республикачилар партиясидан президентликка номзод сифатида қайд этилиши учун съездда жами 1215 делегатнинг овозни олиши шарт. Шу пайтгача Трамп Суперсешанба ва бошқа праймеризларда жами 1057 делегатга эга бўлди.

Демократлар партиясидан номзодини иккинчи муддат учун кўрсатган амалдаги президент Жо Байден барча штатларда «ишончли ғалаба»ни қўлга киритди. Президентликка номзодлик учун курашда у билан рақобатлаша оладиган жиддий рақиб кузатилмаяпти. Демократик партия съездида Байден камида 1564 делегатнинг овозига эга бўлади.

Праймеризлар июнь ойида якунланади. Номзодлар Республикачилар ва Демократлар партияларининг июль ва августда ўтадиган анжуманларида тасдиқланади.