АҚШ президенти Жо Байден ва Россия президенти Владимир Путин Украина теварагидаги вазиятни муҳокама қилиш учун саммит ўтказишга “умуман олганда” розилик билдиришди – бу ҳақда 20 февраль куни Елисей саройи вакиллари маълум қилишган.
Эммануэл Макроннинг Владимир Путин ҳамда Жо Байден билан телефон орқали сўзлашувларидан сўнг Франция президенти девонхонаси томонидан эълон қилинган расмий баёнотда АҚШ ва Россия раҳбарлари учрашув ўтказишга тайёрлиги билдирилган. Бироқ учрашув “Россия Украинага бостириб кирмаган тақдирдагина” бўлиб ўтади.
Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки дастлабки келишув мавжудлигини тасдиқлаган. “Биз дипломатияга ҳамиша тайёрмиз. Шунингдек, Россия урушни танлагудек бўлса, шошилинч ва қаттиққўллик билан жавоб қайтаришга ҳам шаймиз. Айни пайтда Россия Украинага қарши кенг кўламли ҳужумга ўтишга ҳозирлик кўрмоқда, бу ҳужум тез фурсат ичида бошланиши мумкин”, деган Псаки.
Москва мазкур хабар юзасидан изоҳ берганича йўқ.
Муҳтамал учрашув кун тартиби АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳамда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров томонидан уларнинг 24 февралга режалаштирилган учрашуви чоғида тайёрланади, дейилган Франция президенти девонхонаси баёнотида.
NBC телеканалининг Байден маъмуриятидаги ўз манбасига сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, АҚШ разведка хизматлари тасарруфида Россия ҳарбий қўмондонлигига Украинага бостириб киришга шай туришга буйруқ берилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Айнан шу маълумотлар 18 февраль куни Байденнинг Владимир Путин Украинага қарши тажовуз бошлашга тайёрлиги ҳақида баёнот беришига асос бўлган.