Байден ноқонуний миграцияга қарши чораларни кучайтирмоқда

АҚШ президенти Жо Байден Мексикадан қонуний асоссиз Қўшма Штатлар ҳудудига ўтаётган мигрантлар учун бошпана олиш тартиб-қоидаларини кучайтириш ҳақида топшириқ берди. 4 июнь куни эълон қилинган ижроия фармони бундай кишиларнинг АҚШдан бадарға қилинишини осонлаштиради.

Байденнинг фармони, агар ноқонуний мигрантлар сони кунига 2500 кишидан ошса, америкалик расмийларга уларни тезлик билан депортация қилиш имконини беради. Бу мазкур чора-тадбирлар зудлик билан амалга оширилиши мумкинлигини англатади, чунки ҳозирнинг ўзида Мексика-АҚШ чегарасидан қонунга зид равишда ўтаётган мигрантларнинг ўртача сони кунига 3700 нафардан ошмоқда, дея қайд этган Axios нашри.

Янги чекловлар Сенатнинг чегарадан ноқонуний ўтаётган пайтда қўлга олинган мигрантлар сони муайян миқдордан ўтганда, уларга бошпана беришни рад этиш кўзда тутилган қонун лойиҳаси Байден томонидан дастакланганини кўрсатади.

Қонун лойиҳаси ҳар икки партиядан бўлган сенаторлар томонидан ишлаб чиқилган, бироқ собиқ президент Дональд Трамп унга қарши чиққанидан кейин республикачилар ҳужжатни рад этишган эди.

2021 йилда лавозимига киришган президент Байден Трамп томонидан қабул қилинган чеклов чораларининг айримларини бекор қилишга ваъда берган, бироқ чегарадан ноқонуний йўллар билан ўтаётган рекорд даражада кўп мигрантларга дуч келган эди.

Фармон эълон қилиниши арафасида Трампнинг сайловолди штаби Байденнинг фармони “чегарани қўриқлаш чораси эмас, балки амнистия” экани ҳақидаги баёнот билан чиққан. Truth Social ижтимоий тармоғида ёйинланган ўз видеомурожаатида Трамп мазкур фармон иш бермаслиги, аксинча мигрантлар оқимини кўпайтиришга кўмаклашишини билдирган.

Иммиграцион назорат кучайтирилишини одатда республикачилар кўтариб туришади. Бироқ, таҳлилчиларга кўра, ноқонуний мигрантлар билан боғлиқ муаммо кўлами демократлар ва бошқа сиёсий қараш тарафдорлари фикрига ҳам ўз таъсирини кўрсатган.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Мексика-АҚШ чегарасидан ярим миллион ноқонуний ўтиш қайд этилган эди. Ўшанда АҚШга ноқонуний йўл олган 119 нафар ўзбекистонлик ватанига экстрадиция қилингани айтилган.

Озодлик радиоси ўтган йил август ойининг охирларида “Ўзбекларнинг Америкага хатарли йўли” деб номланган суриштирувни эълон қилган эди. Унда ўзбекистонликларнинг АҚШга Лотин Америкаси давлатлари ва Мексика орқали ноқонуний ўтишга уриниши хусусида сўз борган.