"Бахти Ташкентский"суди: "Дарё" журналисти ИИБга чақирилди

Daryo.uz

Жиноят оламида “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва унинг шериклари судини ёритиб бораётган “Дарё” нашри журналисти Отабек Қўлдошев ички ишлар бўлимига чақирилган.

“Дарё” нашри хабарига кўра, 22 июнь куни Юнусобод туман ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ 405-сонли таянч пунктига чақирилган Отабек Қўлдошевдан тушунтириш хати олинган.

“Дарё” журналистига эътироз 3 июндаги “Бахти Ташкентский” судидан тайёрлаган материал ортидан бошланган. Ўша судда судьянинг саволларига жавоб берган Бахтиёр Қудратуллаев қамоқдан чиққанидан сўнг давлат ташкилоти вакиллари унга алоқага чиқиб, мамлакатда ёшлар, спортчилар орасида пичоқбозлик кўпайиб кетаётгани учун “кўча”ни тартибга солишни сўраганини айтган эди. “Дарё” нашри судланувчи томонидан айтилган бу сўзларнинг исботи ўлароқ суд жараёнида тасвирга олинган видеони ёйинлаган эди.

“Дарё” қайдича, Отабек Қўлдошев билан мулоқот қилган профилактика катта инспектори, подполковник Хайрулла Дўстов унга 2024 йилнинг 3 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносидаги очиқ судда янграган маълумотни сайтда ёритгани учун гумонланувчи саналаётганини билдирган. Шу сабаб ЖИБ Шайхонтоҳур туман суди раиси Толибжон Обидов томонидан тақдимнома киритилганини айтган. Аммо гумонланувчи сифатида ИИБга чақирилган журналист шикоят нусхаси билан таништирилган эмас.

Профилактика инспектори “ўша кунги судда видео олиб, уни ижтимоий тармоқларда тарқатган” журналистга эътироз билдирган.

Шунингдек, ИИБ ходимлари журналист олиб чиққан маълумот хорижий ОАВда чиқиб кетганини айтган”, дейилган нашр хабарида.

“Дарё” журналисти эътирофига кўра, 3 июндаги судда ҳақиқатан ҳам суд терговига халал берувчи маълумотларни очиқлаш мумкин эмаслиги таъкидланган, бироқ судья суд терговига халал берувчи маълумотлар айнан нималардан иборатлигига аниқлик киритган эмас.

Аввалроқ Озодлик жорий йилнинг 3 июнь куни Юнусобод туман суди биносида Бахтиёр Қудратуллаев ва яна 36 кишининг жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бошлангани ҳақида хабар қилган. Очиқ суд мажлисининг илк кунидаёқ “Бахти Ташкентский” кўчада тартиб ўрнатиш унга “давлат ташкилоти” томонидан топширилганини иддао қилган эди.

Бу баёнот ижтимоий тармоқларда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Бунинг ортидан судга раислик қилувчи суд жараёнидан видео ва аудио ёзиб олишга чеклов киритган. Бу борада тарқатилган расмий баёнотда бу қарор “жамоатчиликда нотўғри тасаввурлар” шаклланмаслиги ҳамда “судга нисбатан ижтимоий босим эҳтимоли” туфайли олингани қайд этилиб, бунга маҳаллий қонунчилик изн бериши ва бундай тартиб халқаро амалиётда ҳам қўлланилиши урғуланган эди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари “Бахти Ташкентский”нинг судда янграган ва муҳокамаларга сабаб бўлган ушбу кўрсатмаси юзасидан бирон расмий изоҳ бергани йўқ.

Судьянинг суд жараёнидан видео ва аудио ёзиб олишга чеклов киритиш қарори жамоатчилик томонидан бир қадар тушуниш билан қабул қилинган бўлса, “Дарё” журналистининг бу борада ИИБга чақирилиши турли эътироз ва хавотирларга сабаб бўлмоқда.