Япония Иқтисодиёт вазирлиги бешта мамлакатда фаолият юритаётган 80 дан зиёд компанияга қарши санкциялар пакетини киритган.
Вазирлик сайтида қайд этилишича, санкция рўйхатига Россиядаги 57 та, Беларусдаги 27 та, Бирлашган Араб Амирликларидаги иккита, Ўзбекистондаги иккита ва Суриядаги битта ширкат киритилган.
Япония томонидан жорий қилинган экспорт чекловлари Ўзбекистоннинг Alfa Beta Creative ва GFK Logistic Asia ширкатларига дахлдор бўлиб, бу компаниялар аввалроқ АҚШ ва Европа Иттифоқи санкцияларига ҳам дучор бўлган эди.
Еврокомиссия сайтида эълон қилинган ҳисоботда мазкур ширкатлар Россия мудофаа саноати учун Ғарбдан товар сотиб олишга урингани баён қилинган.
Маълумотларга кўра, Alfa Beta Creative ширкати офис техникаси ва бошқа жиҳозлар савдоси билан, GFK Logistic Asia эса қуруқликдаги транспорт соҳасида хизмат кўрсатиш билан шуғулланиб келади.