АҚШ президенти Жо Байден билан Украина президенти Владимир Зеленский икки мамлакат ўртасида 10 йиллик хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка оид шартномани имзолашди.
Шартномани имзолаш маросими Италияда бўлиб ўтаётган “Катта еттилик” (G7) саммити теграсида ўтказилди. Зеленский дунёдаги етти етакчи демократик мамлакат лидерлари мажлисига таклиф қилинган бўлиб, бу ерда бошқа масалалар қатори Россия билан урушда Украинани дастаклаш масаласи ҳам муҳокама қилинган.
Reuters агентлиги қайдича, шартнома матнида тўғридан-тўғри ҳужжат НАТОга кириш томон илгарилашда Украинага кўмаклашишга йўналтирилгани эслатилган.
Ҳужжатда, Шимолий Атлантика шартномасида кўзда тутилганидек, Украинага қарши уруш бошланганида уни ҳарбий жиҳатдан дастаклашга оид мажбурият йўқ. Унда бу каби уруш ёки тажовуз таҳдиди туғилган тақдирда, Украинанинг мудофаа салоҳиятини кучайтириш мақсадида қандай чоралар кўрилиши мумкинлигини белгилаш учун 24 соат ичида консультациялар бериш механизми кўзда тутилган.
Шартномада АҚШнинг Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқлиги ҳам яна бир бор тасдиқланган. Қўшма Штатлар Украинага узоқ муддатли қурол-аслаҳа етказиб бериш, унинг ҳарбийларини ўқитиш ва маслаҳатлар билан ёрдам бериш мажбуриятини зиммасига олган.
The Washington Post нашри шартноманинг Конгресс томонидан маъқулланиши кўзда тутилмагани учун у исталган пайт АҚШнинг исталган кейинги президенти томонидан бекор қилишини мумкинлигини эслатган.
Шартнома имзоланиши ортидан сўзга чиққан Жо Байден Украинада тинчликка эришиш унинг тажовуздан ўзини ҳимоя қила олиш салоҳиятига боғлиқ эканини, тинчликнинг ўзи эса суверенитет ва БМТ низомини ҳурмат қилиш тамойилларига асосланиши лозимлигини билдирган. Байденга кўра, G7 мамлакатлари аввалда бўлгани каби Украинани дастаклаш фикрида собитдир, Италиядаги саммит қарорлари эса Украина муваффақияти учун мустаҳкам тамал барпо этади.
Ўз навбатида Зеленский шартнома имзоланган кунни “тарихий” кун деб атаган ҳамда АҚШ билан тузилган битим Украина мустақилликка эришганидан буён тузилган энг муҳим икки томонлама шартнома бўлганини қайд этган.