АҚШда сунъий интеллект хавфсизлиги институти ташкил этилади

АҚШ савдо вазири Жина Раймондо бу ҳақда Британияда ўтган халқаро конференцияда маълум қилди.

Қўшма Штатлар сунъий интеллект билан боғлиқ хавфсизлик муаммоларини ўрганувчи институтни ташкил қилади. АҚШ савдо вазири Жина Раймондо бу ҳақда Британияда ўтган халқаро конференцияда маълум қилди.

“Америка овози”нинг хабар беришича, институт сунъий интеллект хавфсизлиги бўйича халқаро стандартларни ишлаб чиқишда, сунъий интеллектнинг янги моделлари хавфсизлигини синовлардан ўтказишда иштирок этади.

“Биз бу ишни ёлғиз амалга ошира олмаймиз, хусусий сектор бу масалада бир қадам олға ташлаши лозим”, - деди вазир ва лойиҳага Британия Хавфсизлик институти ҳамкор бўлишини билдирди.

30 октябрда АҚШ президенти Жо Байден сунъий интеллект муаммолари тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.

Фармонда ишлаб чиқарувчиларга АҚШ миллий хавфсизлиги, иқтисодиёти, аҳоли саломатлигига таҳдид солиши мумкин бўлган сунъий интеллект тизимларини тажриба натижаларини ўрганиш учун ҳукуматга тақдим қилиш мажбурияти юкланган.