АҚШ Конгрессининг юқори палатаси (Сенати) 23 апрель оқшомида Қўшма Штатларнинг Украина дохил иттифоқчиларига 95,3 миллиард доллар миқдорида ҳарбий ёрдам ажратиш кўзда тутилган қонун лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжатга мувофиқ, умумий ёрдам пакетидаги маблағнинг қарийб 61 миллиард доллари Украинага ажратилган.
Қонун лойиҳаси кўпчилик овоз билан маъқулланган: ҳужжат қабул қилинишини 79 нафар сенатор маъқуллаган, 18 киши эса қарши чиққан.
Сенатдаги овоз бериш олти ойлик муроса йўли қидириш жараёнига нуқта қўйган. Бу вақт мобайнида юқори палатадаги консерватив республикачилар Оқ уйдан АҚШ жанубий чегаралари хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва бошқа талаблар билан Украинага ёрдам ташаббусига тўсқинлик қилиб келишган. Уларнинг барча талаблари бажарилган эмас, бироқ ўтган ҳафтада Вакиллар палатаси Украина, Исроил, Тайвань ва АҚШнинг бошқа иттифоқчиларига ёрдам ажратишни маъқуллаган. Эндиликда қонун лойиҳаси имзолаш учун АҚШ президенти Жо Байденга тақдим этилади.
“Бутун дунёдаги иттифоқчиларимиз сўнгги олти ой давомида Конгресс фаолиятини кузатиб, “энг муҳим масалага қачон қўл урилади, Америка кучини йиғиб, бирлашиб, марказдан қочадиган кучларни енгиб, он муҳимлигини англай оладими?” деган саволни бериб келаётган эдилар. Бугун тарихнинг сергак нигоҳи остида Сенат “ҳа” деб баралла жавоб берди”, дея билдирган Сенатдаги кўпчилик лидери Чак Шумер.
Сенат қарори ҳақида маълумот пайдо бўлганидан бир неча дақиқа кейин АҚШ президенти Байден бу қонунни эртага - ҳужжат унинг столида пайдо бўлиши билан “Украинага шу ҳафтанининг ўзида қурол-аслаҳаларни йўллашни бошлай олиш учун” қўл қўйишини эълон қилди.
“Биз қатъиян демократия ва эркинликни дастаклаб, зулм ва истибдодга қарши чиқмоқдамиз”, дея урғулаган Жо Байден.
Қонун лойиҳаси доирасида ёрдамнинг 60.8 миллиард доллари Украинага, 26,4 миллиарди Исроилга ва Ғазо аҳолисига инсонпарварлик ёрдамига, 8,1 миллиарди эса Танвань ва АҚШнинг Тинч океани минтақасидаги иттифоқчиларига ажратилмоқда. Консерватив республикачиларга ён бериш ўлароқ ёрдам пакетининг 10 миллиард доллари Украинага кредит шаклида ажратилган, бу қарздан ҳам 2026 йилда президентнинг махсус қарори билан кечиб юборилиши мумкин.