АҚШ Олий суди Техас штатининг ноқонуний мигрантларга оид қонуни амалга қайтарилишига изн берди

АҚШ-Мексика чегарасидаги мигрантлар (архив сурати)

Қўшма Штатлар Олий суди Техас штатининг АҚШ ва Мексика ўртасидаги чегарадан ноқонуний ўтишга қарши курашиш тўғрисидаги қонунини қайтадан амалга киритишга қарор қилди. Шу тариқа, президент Байден администрациясининг мазкур ҳужжатни блокировка қилиш бўйича таклифи рад этилди, дея хабар қилди "Америка овози" радиосининг рус хизмати.

Олий судда олти нафар консерватор судья қонунни амалга қайтариш қарорини дастаклаган. Либерал қарашдаги уч судья эса бу қарорга норозилик билдириб, мазкур қонун “иммиграция сиёсатини ағдар-тўнтар қилиб ташлаши”ни таъкидлаган.

Январь ойида Адлия вазирлиги қонун ташаббусини рад этиш илтимоси билан Олий судга мурожаат қилган эди. Вазирлик мазкур қонун АҚШ Конституциясидаги моддани бузиши, федерал иммиграция қонунчилигига зид келишини қайд этган.

2023 йил декабрида имзоланган қонунга мувофиқ, Техас штати полициячилари мамлакатга ноқонуний кирганликда гумонланган одамларни ҳибсга олишлари мумкин. Бу қонун қабул қилингунига қадар бу каби хатти-ҳаракатлар федерал расмийлар ваколатига кирар эди. Техас қонуни чегарадан ноқонуний ўтиш ёки штатга қайтадан ноқонуний киришни жиноят ўлароқ малакалайди. Бу қилмиш учун 180 кундан 20 йилгача қамоқ жазоси берилиши кўзда тутилган.

Техас чегарадан ноқонуний ўтаётган одамларни тийиб туришга қаратилган чора-тадбирларни қабул қилган. Булар, жумладан, чегарага Миллий гвардия қўшинларини жойлаштириш, мигрантларни штат чегарасида тўхтатиб қолиш ва Рио-Гранде дарёси чегара участкасида сузувчи тўсиқ ўрнатиш кабиларни ўз ичига олади.

АҚШга Мексика орқали ноқонуний киришга уринаётганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам кам эмаслиги маълум. Бу ҳақда ўтган йили Озодлик ҳатто махсус суриштирув ҳам эълон қилган.