Ўзбекистон одам савдосига қарши курашда АҚШнинг одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуни (TVPA)да белгиланган минимал стандартларга тўлиқ амал қилмаяпти, дейилади АҚШ Давлат департаментининг 2023 йилги Глобал одам савдоси ҳисоботида.
Шундан келиб чиққан ҳолда АҚШ Давлат департаменти ҳисоботда Ўзбекистон иккинчи тоифадаги давлатлар қаторидан жой олди. Бу тоифага TVPA стандартларига тўлиқ риоя этмаётган, лекин уларга риоя қилиш учун жиддий саъй-ҳаракатларни амалга ошираётган давлатлар киритилган. Ўзбекистон одам савдоси глобал ҳисоботида 2021 йилдан бери мана шу тоифада қолмоқда.
Ҳисоботда қайд этилишича, ўтган йилда Ўзбекистонда одам савдоси қурбони бўлган 93 киши аниқланган. Улардан 81 нафар аёл жинсий қулликка мажбурланган, 12 нафар эркак эса меҳнат қуллигида сақланган.
Жинсий эксплуатация қилинган аёлларнинг барчаси Ўзбекистонда, меҳнат қуллигида сақланган эркаклар эса хорижда аниқланган.
Шунингдек, 2022 йилда одам савдосига боғлиқ 172 та тергов ўтказилган. 35 мансабдор меҳнат қонунчилигини бузгани учун маъмурий жазога тортилди. Ҳисоботда таъкидланишича, бу кўрсаткичлар 2021 йилдагига солиштирганда икки баробарга оздир. 2021 йилда Ўзбекистонда 175 нафар одам савдоси қурбони аниқланган эди.