АҚШ ноқонуний миграцияга кўмаклашган туроператорлар учун виза чеклови киритди

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 9 июлидан АҚШ ноқонуний миграцияга кўмаклашган туроператорлар ва агентлик раҳбарларига виза беришда чеклов жорий қилган. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти сайтида билдирилган.

Бунгача чеклов фақат қуруқлик, денгиз ёки чертер авиақатнови бўйича транспорт хизматлари кўрсатувчи ширкатларда ишловчи шахсларга нисбатангина қўлланилган.

“Мигрантларнинг ночорлигидан ҳеч ким — контрабандачилар ҳам, хусусий ширкатлар ҳам, давлат хизматчилари ҳам, бошқалар ҳам фойда топмаслиги лозим”, дейилган Давлат департаменти баёнотида.

АҚШ президенти Жо Байден июнь ойида Мексикадан қонуний асоссиз Қўшма Штатлар ҳудудига ўтаётган мигрантлар учун бошпана олиш тартиб-қоидаларини кучайтириш ҳақида топшириқ берган эди. Мазкур ижроия фармони бундай кишиларнинг АҚШдан бадарға қилинишини осонлаштиради.

Бу фармондан кўп ўтмай Калифорния штати чегара хизматига Ўзбекистон, Грузия, Молдова, Қирғизистон, Россия ва Тожикистондан бўлган ноқонуний мигрантларни қўлга олинганидан кейин зудлик билан ватанига депортация қилиш мажбурияти юкланган.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Мексика-АҚШ чегарасидан ярим миллион ноқонуний ўтиш қайд этилган эди. Ўшанда АҚШга ноқонуний йўл олган 119 нафар ўзбекистонлик ватанига экстрадиция қилингани айтилган.

Озодлик радиоси ўтган йил август ойининг охирларида “Ўзбекларнинг Америкага хатарли йўли” деб номланган суриштирувни эълон қилган эди. Унда ўзбекистонликларнинг АҚШга Лотин Америкаси давлатлари ва Мексика орқали ноқонуний ўтишга уриниши хусусида сўз борган.