АҚШга Мексика ва бошқа давлатлар орқали ноқонуний йўллар билан кетган 74 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилгани тўғрисида 3 март куни UzReport хабар берди.
Депортация қилинганлардан бири АҚШга бориш учун дастлаб Мадридга учгани, у ердан Туркияга депортация қилинганини айтиб берди. Унга кўра, кейинчалик Гватемалага борган ва бу давлат орқали АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. У бунинг учун жами 10 минг доллар ҳаражат қилган.
“Июлда уйимдан чиққан бўлсам, август ойида мен ушбу давлатга етиб бордим. Лекин ишлай олмадим. Пул сарфлаб, сарфлаб қайтдик. Бормоқчи бўлганларга маслаҳатим борманглар. Бу шунчаки реклама. Касаллик орттириб қайтасиз. Ҳаммаси ёлғон”, деб иқтибос келтирган UzReport ортга қайтарилган шахслардан бирининг сўзларидан.
Ташқи меҳнат миграцияси 2023 йил 21 декабрда ҳам АҚШ ҳукумати Тошкентга 119 ўзбекистонликни қайтаргани тўғрисида маълум қилганди.
2023 йил 13 октябрда Fox News сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон фуқаролари АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлар орасида учинчи ўринни эгаллагани ҳақида хабар тарқатган.
Телеканал бу статистикани АҚШ Чегара хизматидан олинган маълумотларга асосланган ҳолда эълон қилди. Fox News сўнгги икки йилда 13624 нафар ўзбекистонлик АҚШга ноқонуний ўтишга ҳаракат қилганини таъкидлаган.
20 ноябрь куни Қўшма Штатларнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Мексика орқали АҚШга кираётган ўзбекистонликларни чиқариб юбориш сиёсатига шошилинч ўзгартиришлар киритилганини билдирган эди.
Янги тартибга асосан, эндиликда Мексикадан АҚШга ноқонуний ўтишга уринаётган Ўзбекистон фуқаролари АҚШ ичкарисига қўйиб юборилмайди, балки улар билан боғлиқ иммиграция иши ҳал қилингунига қадар ҳибсда сақланади.
Элчихона АҚШ мамлакатда қолиш учун қонуний асосларга эга бўлмаган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича расмий Тошкент билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини билдирган.
Озодлик радиоси августнинг охирларида “Ўзбекларнинг Америкага хатарли йўли” деб номланган суриштирувни эълон қилган эди. Унда ўзбекистонликлар АҚШга Лотин Америкаси давлатлари, жумладан, Мексика орқали ноқонуний ўтишга уриниши ҳикоя қилинган.