АҚШ чегарасидан ноқонуний ўтган ўзбекистонликлар зудлик билан депортация қилинади

АҚШнинг Калифорния штати чегара хизматига Ўзбекистон ва яна бешта постсовет мамлакатидан бўлган ноқонуний мигрантларни қўлга олинганидан кейин зудлик билан ватанига депортация қилиш мажбурияти юкланди. Бу ҳақда The New York Post нашри 10 июнь куни чегарачилар томонидан тақдим этилган ҳужжатга таянган ҳолда хабар қилди.

Меморандумга мувофиқ, Грузия, Молдова, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистондан бўлган балоғат ёшидаги мигрантлар зудлик билан АҚШдан бадарға қилинади”, дейилган хабарда.

Қолган барча ноқонуний мигрантларга уларнинг ишлар бўйича суд жараёни пайтида АҚШ ҳудудида юришга рухсат этилади.

Аввалроқ Озодлик АҚШ президенти Жо Байден Мексикадан қонуний асоссиз Қўшма Штатлар ҳудудига ўтаётган мигрантлар учун бошпана олиш тартиб-қоидаларини кучайтириш ҳақида топшириқ бергани, 4 июнь куни эълон қилинган ижроия фармони бундай кишиларнинг АҚШдан бадарға қилинишини осонлаштириши ҳақида хабар қилган эди.

Айни пайтда америкалик чегарачилар The New York Post нашрига янги тартиб ноқонуний мигрантларни чўчитмаётгани, муҳожирлар оқими аввалгидек кўп эканини айтишган. Нашр билан суҳбатлашган чегара хизмати агентлари янги фармон “ўта кеч” чиқарилганини билдиришган.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Мексика-АҚШ чегарасидан ярим миллион ноқонуний ўтиш қайд этилган эди. Ўшанда АҚШга ноқонуний йўл олган 119 нафар ўзбекистонлик ватанига экстрадиция қилингани айтилган.

Шунингдек, аввалроқ 2023 йилнинг 1 октябридан 2024 йил май ойи охирига қадар АҚШнинг жанубий чегарасини 57 минг 200 нафар ноқонуний мигрант кесиб ўтиб, Калифорния штатига боришга ҳаракат қилгани, булардан 2 минг 900 нафари ўзбекистонликлар экани билдирилган эди.

Озодлик радиоси ўтган йил август ойининг охирларида “Ўзбекларнинг Америкага хатарли йўли” деб номланган суриштирувни эълон қилган эди. Унда ўзбекистонликларнинг АҚШга Лотин Америкаси давлатлари ва Мексика орқали ноқонуний ўтишга уриниши хусусида сўз борган.