6 июль куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани жиноят ишлари судида Uzmetronom.com сайти асосчиси Сергей Ежковнинг иши кўриб чиқилди. Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновга туҳмат қилишда айбланаётган журналист маҳкамада жабрланувчидан кечирим сўради. Бу ҳақда “Uzmetronom” сайти хабар берди.
Аввалроқ К.Алламжонов С.Ежков устидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органига ариза берган. Жорий йил 21 ва 23 февраль кунлари Uzmetronom сайтида “Бриллиантовый мальчик” ва “Слив с дальним прицелом” сарлавҳали мақолалар (ҳозир ўчирилган) эълон қилган. Унда К.Алламжонов 4,2 млн долларли тилла тақинчоқларни Ўзбекистонга ноқонуний олиб киришга алоқадор экани айтилган.
“Ежков билан шахсан таниш эмасман, лекин 2016 йилга қадар одамлар орасида у гўёки айрим махсус хизматларнинг буюртмаларини бажариб келган, маълум шахсларнинг обрўсига путур етказиш қуроли сифатида ишлатиб келинган деган гаплар юради. Бу гап-сўзларнинг рост ёки ёлғонлигини билмайман, бу сафар ҳам буюртма бор ёки йўқ эканини энди тергов аниқлайди”, деб ёзган эди Алламжонов жорий йил апрель ойида.
“Xabar.uz” сайтига кўра, 66 ёшли С.Ежков мақоласи бўйича Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги экспертиза хулосасини берган.
Қайд этилишича, суд мажлисида жабрланувчи ва судланувчи сайтда чоп этилган мақолалар юзасидан ўз нуқтаи назарини билдирган. Хусусан, Uzmetronom асосчиси тегишли далилларсиз материални эълон қилганидан афсусда эканини билдирган ва жабрланувчидан кечирим сўраган.
Алламжонов мақсади журналистни жазолаш эмас, балки ҳақ эканини исботлаш бўлгани, шунга кўра аризасини қайтариб олишини айтган. Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси ҳар қандай баҳс кўчада, “подвал”ларда эмас, судда ҳал қилиниши кераклигини урғулаган.
Хабарда айтилишича, маҳкама якунида Алламжонов Ежковга “Алламжонов айбдор” китобини дастхат билан совға қилган.