Al Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни танқид қилди

Ўзбекистонда расмийлар ижтимоий тармоқлардаги норозилик ифодаси устидан назоратни кучайтиришган. Бу ҳақда Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг куни кеча ёйинланган йиллик ҳисоботида айтилган.

Тармоқда танқидий материаллар жойлаштиргани учун, иддао этилишича, сохта ва сиёсий сабабларга кўра камида 10 нафар блогер судланди”, дейилган ҳисоботда.

“Жаҳондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият” деб номланган ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмида ўтган йили қорақалпоғистонлик фаоллар устидан ўтказилган суд ва Нукус воқеаларида уларга нисбатан ҳуқуқ-тартиботчилар томонидан ҳаддан зиёд куч қўлланилганига алоҳида боб ажратилган.

Ҳуқуқбонлар Қорақалпоғистондаги норозилик аёвсиз бостирилганидан кейин хавфсизлик кучларининг фақат уч нафар ходимигина жавобгарликка тортилганини қайд этишган.

“Қорақалпоғистондаги қийноқ айбловлари дохил зўравонлик ҳолатларини ўрганиш учун 2022 йил июлида тузилган парламент комиссияси йил охирига келиб ҳам ўз хулосалари тўғрисидаги ҳисоботни ёйинламади”, деб таъкидланган ҳисоботда.

Ўзбекистон конституциясига Қорақалпоғистон суверенитетига оид моддани олиб ташлашни ҳам ўз ичига олган тузатишлар киритиш лойиҳаси туфайли 2022 йил 1 июлида Нукусда норозилик чиқишлари бошланган эди. Эртаси куни Қорақалпоғистон пойтахтига етиб борган президент Мирзиёев, агар қорақалпоқ халқи норози бўлса, Конституциядаги республика мухториятига доир моддаларни алмаштирмасликка ваъда берган. Орадан бир неча кун ўтгач, Ўзбекистон парламенти Конституциянинг янги лойиҳасида Қорақалпоғистон суверенитетига оид моддани сақлаб қолиш ҳақида қарор қабул қилган.

Расмий маълумотларга кўра, Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар чоғида камида 18 киши қурбон бўлган. Норозилик чиқишлари пайтида 38 нафар ҳуқуқ-тартиботчи дохил 243 киши тан жароҳати олгани, норозилардан 516 нафари қўлга олингани айтилган. Тартибсизликлардаги асосий айбдор деб кўрилган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган.

Ҳисоботда келтирилишича, Ўзбекистон қамоқхоналарида жиноятчиликда гумонланган шахсларга нисбатан қийноқлар ҳали ҳам кенг кўламда қўлланмоқда, бу ишни амалга оширган масъуллар эса жазосиз қоляпти.

"Халқаро Амнистия" ташкилоти ҳисоботида Ўзбекистондаги гендер зўравонлиги, жинсий озчиликлар ҳуқуқлари, меҳнаткашлар ҳуқуқлари, атроф-муҳитнинг соғломлиги бўйича ҳақ-ҳуқуқлар ва бошқа муаммоларга ҳам тўхталинган.

Ҳисобот муаллифлари инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ вазият Ўзбекистондан ташқари Россия, Беларусь, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон каби постсовет ўлкаларида ҳам тобора ёмонлашиб бораётганига эътибор қаратишган. Булар қийноқ ва ғайриинсоний муносабат, сўз ва матбуот эркинлигини чеклаш, жинсий зўравонликка кўз юмиш, жинсий тенгликка йўл бермаслик, сиёсий ҳуқуқларни чегаралаб қўйиш, мустақил партиялар тузишга рухсат бермаслик, фуқароларнинг тинч йўл билан йиғилишига қаршилик қилиш ва намойишларни тақиқлаш, хориждаги танқидчиларни ватанга зўрлаб қайтариш ёки уларни ҳамкор ҳукуматлар ёрдамида қамоққа олиш, чет элдан грант ёки маош олганларни хорижий агент ёки вакил деб тамғалаш, диндорларга нисбатан босим ва тазйиқ, халқаро қонунларни бузиш, асоссиз ва адолатсиз судлов, болалар ҳуқуқларни оёқости қилиш, мигрантларни қабул қилмаслик ёки камситиш, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит соғломлигига бефарқлик кабиларда акс этган.

Ҳуқуқбонларга кўра, 2023 йилга келиб дунёдаги демократия даражаси 1980-йиллардаги ҳолатга қайтган. Ҳисоботда айниқса Украина ва Ғазо секторида инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши билан боғлиқ вазият ўта аянчли экани урғуланган.