Қатар пойтахти Доҳада 9 сентябрь куни Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Қатарнинг “Таълим ҳар нарсадан устун” (Education Above Al) фонди ўртасида афғон аёлларини Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида ўқитишни ташкил этишни назарда тутувчи меморандум имзоланган.
Олий таълим вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур келишув доирасида 160 нафар афғон аёлини Ўзбекистон олий таълим муассасаларида тиббиёт йўналишлари бўйича ўқитиш режаланган.
Ўзбекистон ҳукумати портали қайдича, лойиҳага доир харажатларнинг катта қисмини Қатар томони ўз зиммасига олган – имзоланган меморандумга мувофиқ, Education Above Al фонди афғон аёлларини ўқитиш, турар жой билан таъминлаш ва бошқа зарур харажатлар учун 2,2 миллион доллар миқдорида молиявий ёрдам ажратиши кўзда тутилган.
“Мазкур меморандумнинг имзоланиши икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиб, халқаро таълим ва тиббиёт соҳасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлайди. Бу ташаббус Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги муҳим ўрнини яна бир бор намоён этади”, дейилган хабарномада.
“Толибон” шакллантирган ҳукумат 2022 йил декабрида Афғонистонда университетларга кириб бўлган толибаларнинг ОТМга боришини тақиқлаб қўйган эди. Ўша пайтда толиблар аёлларнинг мамлакатда фаолият кўрсатаётган 180 та ноҳукумат ташкилотида ишлашини ҳам ман қилиб қўйишган. Мазкур тақиқ ортидан БМТ Афғонистондаги гуманитар дастурларининг бир қисмини тўхтатган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 2023 йил январида Афғонистонда хотин-қизларнинг давлат ва хусусий олий ўқув юртларида таълим олишига тақиқ қўйилгани тўғрисидаги хабарга муносабат билдирар экан, бу маълумотни чуқур ташвиш билан қабул қилганини урғулаган эди.
“Афғон халқининг тинч ва фаровон келажакни барпо этиш йўлидаги интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатъият белгиси сифатида ушбу қарор қайта кўриб чиқилишига умид қиламиз”, дейилганди вазирлик баёнотида.