Абдулла Арипов Каримовни ишсизлик ва аёллар муаммоларига эътибор бермаганликда айблади

Абдулла Арипов

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласида собиқ президент Ислом Каримов юритган сиёсатни танқид қилди.

Бу танқид Абдулла Ариповнинг 22 декабрь куни президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Хотин-қизлар қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференциясида қилган маърузаси пайтида янгради.

"… дангаса эмиш.."

Озодликка етиб келган аудиотасмада Абдулла Арипов 50 дақиқадан кўпроқ вақт давомида¸ асосан¸ Ўзбекистондаги хотин-қизларнинг бандлик муаммолари ва уларга ечим топиш йўллари ҳақида гапиради.

У Ўзбекистон ҳукумати хотин-қизлар муаммоларига ҳозирга қадар етарли эътибор қаратмаганини эътироф этди¸ айни пайтда¸ Ислом Каримов номини тилга олгани йўқ.

Айни пайтда¸ унинг "дангасалар" иборасини тилга олгани Каримов сиёсатига очиқча эътироз билдириш сифатида қабул қилинмоқда.

- Ишлаш учун бошқа давлатга кетиши нима учун? Чунки биз шу ерда шароит қилиб беролмаганмиз. Имкон қилиб берилмаган. Топган гапимиз шу бўлди "чет элга ишлашга кетган одам дангаса" эмиш. У ҳолда, дангаса бўлмаган одамга мана шу ерда иш таклиф қил. Кейин - бу бошқа гап, - дейди Абдулла Арипов жумладан.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ислом Каримов: “Москвада кўча супураётган ўзбек – дангаса”

2013 йил июнида марҳум президент Ислом Каримов Жиззах вилоятига сафари чоғида меҳнат муҳожирларини "дангасалар" деб атаган эди.

- Дангасалар ҳозир Ўзбекистонда камдан кам. Энди дангасалар деб кимни ҳисоблайман, мана Москвага бориб кўчаларни, майдонларни супурадиганларни. Ўтда нима йўқ, одам жирканадики ўзбек миллатидан шунақа бориб, ўзига бир бурда нон топиш учун ўша ёққа бориш керак экан. Ҳа, Ўзбекистонни ўзида ҳеч ким очликдан ўлаётгани йўқ, барака топгур!... Бунақаларни дангаса дейманки, катта пул тезроқ топиш учун у ёққа бориб шарманда қилади ҳаммамизни, - деб айтган эди Ислом Каримов.

Иш ўринлари

Ислом Каримов бошқаруви даврида ҳукумат ҳар йили 1 миллиондан иш ўринлари яратилгани ҳақида ҳисобот бериб келди.​

Аммо, Абдулла Ариповга кўра, Каримов даврида ишсизликка кураш эълон қилган "айрим молиячилар битта штат ўринни уч-тўрттага бўлиб ташлаган”.

- Тўртта, саккизтага бўлиб, 10 минг, 20 мингдан ойлик тўлаб, рўйхатда 8 та иш жойи ташкил этилди. Қоғозда ҳаммаси. Бунақа бўлиши керак эмас. Аёлларга иш ўрни яратиб беришда, у манзилли бўлиши керак, - деб қўшимча қилди Абдулла Арипов.

У иш ўринлари вакант қолаётганини айтган мулозимларни ҳам танқид қилди:

- Таклиф этилаётган ишга яраша малака сўралаяптими? Шунга яраша ойлик борми? Тамға қўйиш осон, ундан аввал дўппини ечиб ўйлаш керак, - деди Тошкент ҳукумати раҳбари.

Амалий қадамлар

Бош вазирнинг маълум қилишича, мамлакатда хотин-қизларни иш билан таъминлаш учун ҳозирда "амалий қадамлар" ташланмоқда:

- Биргина жорий йилнинг ўтган даврида 43 минг янги корхона ва ташкилотлар ташкил этилган бўлиб, бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 30 фоизга оширилди. Бу эса ўз навбатида аҳоли, айниқса хотин қизлар учун янги иш ўринларини ташкил этишга хизмат қилмоқда, - деди Абдулла Арипов.

У ҳар йили 350 минг нафарга яқин хотин-қизлар меҳнат бозорига кириб келаётганини билдирди:

- Бу эса бандлик дастурлари орқали хотин-қизлар учун мўлжалланган иш жойларини кўпайтиришни талаб этади. Хотин-қизларнинг бандлигини таъминламас эканмиз¸ биз уларнинг муаммоларини тўлалигича ҳал эта олмаймиз, - дея тан олди Ўзбекистон Бош вазири.

Абдулла Арипов ички ишлар тизимига аёл мутахассисларни жалб қилиш орқали бу тизимдаги коррупция озайтириш мумкин¸ деган фикрни ҳам илгари сурди:

- Энди ички ишлар тизимида аёл кадрларни кўпайтириш мақсадида Ички ишлар академиясига қизлар учун қабул квоталарини ошириш масаласини кўриб чиқишимиз лозим. Ҳозир кечирасизлару¸ кимнинг тавсияси билан, қачон ва қайси мантиққа асосан бу Ички ишлар академиясига 5 фоизлик квота қўйилган? 24:06 – Ички ишлар ходимлари аёллар кўпайса, мен ўйлайманки,коррупцияни ҳам бу соҳа вакиллари орасида камайтиришга олиб келади, - деди 22 декабрь кунги йиғилишда Абдулла Арипов.