Украинадаги ҳар йили ўтказиладиган энг йирик нашриёт-матбаа тадбири – "Book Arsenal Festival" ("Книжковий Арсенал") фестивалида Анастасия Егорова аллақачон 11 та китоб сотиб олди. Улар орасида: аскар Артем Чехнинг "Ноль нуқта" романи; Тара Вестовернинг мормонлар оиласида улғайиш ҳақида “Талаба” хотиралари; Ребекка Ярроснинг "Тўртинчи қанот" романтик-фентези бестселлер романи бор эди.
Эри армияда бўлган 31 ёшли IT-лойиҳа менежери Егорова Россия босқинидан олдингига нисбатан китобларини беш баравар кўпроқ сотиб олмоқда. Унинг айтишича, сўнгги йилларда танлов анча кўпайиб яхшиланган.
"Аммо ўқишим мумкин бўлганидан кўпроқ нарсани сотиб олишим асл сабаби, руслар бизни яна қочишга мажбур қилишидан қўрқаман... биз кетамиз, украинча китоблар ҳам йўқолади", дейди у. Украина учун ҳаёт-мамот уруш манзарасида бу ҳам ҳаёт-мамот масаласи бўлиб қолган.
Киевда ҳар икки ойда бир янги китоб дўкони очилиб, кутилмаган бестселлерлар бозорни тўлдираётган вақтда китобхонлар ва нашриёт инсайдерлари китобларга талаб ортиб бораётганини айтишмоқда.
Мавзуга алоқадор Фрэнсис Фукуяма: Агар Россия уруш туфайли заифлашса, Марказий Осиё кўпроқ мустақил бўладиУкраинада санъатга эътибор чандон ортгани каби, китобларнинг бундай кўпайиши ҳам уруш билан боғлиқ, бу Украина маданиятига ҳужум қилиб, унинг ижодкорларини ўлдиришда давом этаётган Россия тажовузига жавобдир.
Фестивалдан бир ҳафта олдин, 23 май куни Россиянинг С-300 ракетаси Украинанинг иккинчи йирик шаҳри Харьковдаги Factor Druk матбаа уйига келиб тушди. Бу шаҳар охирги ҳафталарда ракета ва бомбалар нишонига айланган. Ҳужум натижасида етти нафар ходим ҳалок бўлди, 17 нафари яраланди, 50 минг китоб, шунингдек, заводдаги босмахона жиҳозлари йўқ қилинди.
"Биз кўп ёрдам олдик, аммо зарарни барибир тузатиб бўлмайди", дейди “Озодлик” радиосига Factor Druk’ка тегишли Украинадаги учинчи йирик нашриёт – «Виват» бош муҳаррири Елена Риба.
Унинг айтишича, “Виват”нинг йўқотишлари 5 миллион еврони (5,4 миллион доллар) ташкил этади ва Украинадаги нашриёт-матбаа саноатининг умумий қуввати ҳужум натижасида 30-40 фоизга қисқаради.
Тўлиқ миқёсли босқиннинг биринчи кунидан, 2022 йил 24 февралдан бошлаб, рус қўшинлари Украинанинг маданий обидаларини вайрон қилмоқда, босиб олинган ҳудуддаги галереялар ва музейларни талон-торож қилмоқда, фронтда ва бутун мамлакат бўйлаб ҳужумларда рассомларни ўлдирмоқда.
Болалар китоби муаллифи, шоир ва таржимон 49 ёшли Владимир Вакуленконинг жасади 2022 йил сентябрида Украина Россия қўшинларидан ҳудудни қайтариб олгандан сўнг Харков вилоятидаги оммавий қабрдан топилган эди. Ёзувчи ва уруш жиноятлари бўйича тадқиқотчи, 37 ёшли Виктория Амелина 2023 йил июлида Россия ракетасидан ҳалок бўлди. 33 ёшли шоир ва аскар Максим Кривцов 2024 йил январида артиллерия ҳужумида ҳалок бўлган эди.
Украина давлат Китоб институти маълумотларига кўра, Россия Украинадаги 154 кутубхонани вайрон қилган, яна 750 дан ортиқ кутубхонага зарар етказган ва 1,8 миллиондан ортиқ китобни йўқ қилган.
Унда айтилишича, босиб олинган ҳудудларда Россия расмийлари украинча китобларни мусодара қилмоқда, айрим ҳолларда эса ёқиб юбормоқда. Уларнинг ўрнига кутубхона ва мактабларга 2,5 миллион нусхага яқин рус китоблари олиб келинган.
Россиянинг Харьковни бомбалаши асносида ёнғинда қолган китоблар Киевдаги “Мистецкий Арсенал”да ўтаётган тўрт кунлик фестивалда дўкон очган ноширлар стендларида намойиш қилинди. “Мистецкий Арсенал” 18-аср охирида ўқ-дорилар омбори бўлиб хизмат қилган улкан неоклассик мажмуа бўлиб, ҳозирда маданий тадбирларга мезбонлик қилмоқда.
Мавзуга алоқадор "Рус тилидан халос бўлиш". Украинлар бомбардимон остида ҳам ўз тилларини ўрганишмоқдаФестивал мавзуси "Чеккадаги ҳаёт". Фронтдаги кескин вазият ва Украина бўйлаб Россия ҳужуми хавфига қарамай, китоб ярмаркасига кириш учун узоқ навбатда турган ва оммавий мунозаралар ва бадиий тадбирларда қатнашган меҳмонлар орасида қатъият ва ёз иштиёқи ҳукм сурди.
“Тўлиқ миқёсли уруш ва ундан олдинги пандемия офлайн маданий тадбирларга талабни оширди”, деди “Озодлик” билан суҳбатда фестивал директори Юлия Козловец. Унинг айтишича, тадбирда 35 мингга яқин киши қатнашган.
Козловец таъкидлашича, сўнгги икки йил ичида Украина китобхон оммаси ўзгарди: кўпроқ ёшлар украин тилидаги китобларни, интеллектуал адабиётларни излаётганлар кўпаймоқда.
"Уруш охир-оқибат Украина маданиятини ўзини етарлича қадрламаслик комплексидан озод қилди", дейди у.
Маданият вазири вазифасини бажарувчи Ростислав Карандеев «Озодлик” билан суҳбатда айтишича, 2023 йил июнида Россия ва Беларусдан китоб келтириш ва тарқатишни тақиқловчи қонунни қабул қилиш тўғрисидаги “сиёсий қарор” чиқмаганда бу ўзгариш ҳам юз бермаган бўлиши мумкин эди. Унинг сўзларига кўра, ўнлаб йиллар давомида Россиянинг улкан нашриёт саноати украиналик рақобатчиларга имкон бермаган ва рус тилидаги китоблар майдонда ҳукмронлик қилган.
Уруш сабабли украинлар ўзлигини излай болади, дейди февраль ойида Киевнинг асосий кўчаси Хрешчатик кўчасида «Сенс» номли кенг тарқалган уч қаватли китоб дўконига асос солган IT-тадбиркор Алексей Еринчак. Кўпчилик рус тилидан украин тилига ўтмоқда ва бу тилни ўрганиш учун китобларга муҳтож, дея қўшимча қилади у.
Россия босқинидан кейин аскарлар ва фахрийлар томонидан ёзилган китоблар, тарих китоблари ва украин классикларига талаб ортиб борди. Аммо вақт ўтиши билан, Киевдаги «Вихола» нашриёти асосчиси Илона Замоцнанинг айтишича, психологик адабиётларга, умуман, илмий адабиётларга ва енгилроқ бадиий адабиётга қизиқиш қайтди.
Шу билан бирга, баъзи тоифа китоблар инқирозга учради, айниқса, ўқимишли оналар ва болалар оммавий чиқиб кетиши туфайли болалар китобларига талаб камайган.
Дарҳақиқат, инсайдерлар таъкидлашича, нашриёт соҳасида ўсиб бораётган китоблар хилма-хиллиги ва сифати, шунингдек, макет, дизайн ва матбаадаги янги тенденцияларни олқишлаётган украиналиклар учун ўзгаришлар кўринадиган даражада зўр эмас.
Украина китоблар институти раҳбари Александра Ковал “Озодлик” билан суҳбатда нашриётлар “катта қийинчиликларга” дуч келмоқда ва “миқдорий маънода портлаш бўлиши даргумон”, дейди.
Мавзуга алоқадор Ўзбек зиёлилари Россиянинг Украинага уруши ҳақида нима дейди?Ўтган йили Украина нашриётлари даромади 2022 йилга нисбатан икки баравар, 2021 йилдаги кўрсаткичлардан эса учдан бирига ошди, аммо чоп этилган китоблар сони 2021 йилгининг атиги 55 фоизини ташкил этди.
"Даромаднинг ўсишини асосан китоб нархларининг кўтарилиши билан изоҳлаш мумкин", дейди у ва Харьковда жойлашган, Европадаги энг йирик тўлиқ хизмат кўрсатадиган босмахоналардан бири бўлган Factor Druk’дан ташқари, 30 га яқин китоб компаниялари урушдан зарар кўрганини қўшимча қилди.
Liga.net томонидан тузилган бешта энг йирик нашриёт маълумотларига кўра, кенг кўламли босқин бошланганидан бери Украинада китобнинг ўртача нархи 37,5 фоизга ошган.
Нашриётлар ҳам малакали ишчилар етишмаслигидан азият чекмоқда, чунки кўпчилик мамлакатни тарк этган ёки босқинга қарши курашмоқда, дейди Еринчак.
“Россия нашриётларининг йилларча ҳукмронлиги Украина нашриётлари ривожланмай қолишига сабабчи бўлди; фақат иштиёқмандларгина бу бизнес билан шуғулланарди, энди биз омон қолишимиз учун инновацияларга муҳтожмиз”, дейди у.
Карандеевга кўра, Украина давлати ўнлаб йиллар давомида маданият ва нашриётни қўллаб-қувватлаш учун жуда кам иш қилган ва уруш давридаги иқтисодий қийинчиликларда буни қилиш имконсиз.
Бироқ, Карандеевнинг айтишича, президент Владимир Зеленский тез орада Маданият вазирлиги лойиҳасини имзолайди, унга кўра, 18 ёшга тўлган ҳар бир украиналик учун ҳукуматнинг “Diia” иловаси орқали китобларга сарфлаши учун тахминан 900 гривна (22 доллар) ажратилади.
Фуқаролик жамияти ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Днепр бўйлаб жойлаштирилган рус қўшинлари томонидан доимий ҳужум остида бўлган жанубий шаҳар Херсонда бир гуруҳ кўнгиллилар одамлар хавфсиз жойда китоб ўқиши ва алмашиши мумкин бўлган "китоб бошпанаси" очди. “Маданий десант” деб номланган яна бир гуруҳ донорларга фронтдаги аскарларга китоб жўнатишга ёрдам беради.
Баъзилар учун уруш давридаги китобхонлик ҳаёт ташвишларидан қочишнинг бир шакли бўлса, бошқалар буни Украина маданиятини "деколонизация қилиш" учун ҳал қилувчи уриниш сифатида кўради. Бошқалар эса ҳозирги адабий силжишни 1920-1930 йилларда совет тузуми ўлдирган украин шоирлари, ёзувчилари ва санъаткорлари авлоди “қатл этилган ренессанс” даврига қиёсламоқда.
29 ёшли денгиз пиёдаси Ярина Черногузнинг, "Дасеин: Ҳозирлик ҳимояси" номли эркин шеърлар тўплами бу йил нуфузли Миллий Шевченко мукофотига сазовор бўлган. У ўзи жанг қилаётган жойда китобга тўла икки қутини олиб юрибди. Унинг айтишича, Милан Кундеранинг “Мавжудликнинг чидаб бўлмас енгиллиги” китобида қон доғлари бор.
Унинг учун уруш давридаги адабий ижодийлик "жуда оғриқли" нарсадир.
“Китобим чоп этилганидан кейин уни ҳатто очолмадим. Бу кўплаб қуролдош ака-ука, опа-сингилларимнинг жасадларини кўрганимда ёзилган”, дейди у “Озодлик” радиосига.
У китобини уларга бағишлади, ўз сўзлари билан айтганда, "улар ва бизнинг тақдиримиз унутилмаслиги учун".