Нью-Йорк штати ҳакамлик суди собиқ президент Доналд Трампни 2016 йилги президентлик сайловлари арафасида порно юлдузга қилинган тўловларни яшириш мақсадида ҳужжатларни сохталаштириш ишида барча 34 та банд бўйича айбдор деб топди. Энди нима бўлади?
12 нафар ҳакам 30 май куни, АҚШ президентлик сайловларига беш ой қолганда амалдаги демократ президент Жо Байденга рақиб бўлиши кутилаётган Трамп иши бўйича қарор чиқарди.
Манхэттен округи прокуратураси Трампни 34 та жиноятда, жумладан, порно актриса Сторми Дэниелсга 130 минг долларлик тўловини яшириш учун 11 та ҳисоб-фактура, 12 та ваучер ва 11 чекни сохталаштиришда айблади. Бу унинг 2006 йилда Трамп билан жинсий алоқаси бўйича сукут сақлаши учун тўланган. АҚШнинг собиқ президенти 2005 йилда Мелания Трамп билан турмуш қурган.
Дэниелс 2016 йилги сайловлардан бир ой олдин ўша пайтдаги президентликка номзод Трамп билан ўзининг муносабатларини эълон қилишга ҳаракат қилган. Трампнинг шахсий адвокати Майкл Коэннинг судга айтишича, у ўз мижози номидан президентлик сайловларидан бир неча кун олдин Сторми Дэниелснинг адвокатига 130 минг доллар ўтказган. Трамп кейинроқ сайловда ғалаба қозонди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Энди нима бўлади?
Судга раислик қилган судья Хуан Мерчан ҳукмни 11 июлга белгилади. Унинг оғирлиги бир неча омилларга боғлиқ бўлади, дейди Мичиган штат университети ҳуқуқ профессори Браян Калт.
Жазолар жарима ёки синовдан тортиб то тўрт йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бориши мумкин. Айбланувчилар бундай жинояти учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳолларда улар одатда бир йил ёки ундан камроқ вақт олади.
Трамп суд ҳукм устидан шикоят қилиши мумкин, аммо бу жараён йиллар давом этиши ҳам мумкин, дейди Калт.
Трамп қамалиши мумкинми?
Назарий жиҳатдан мумкин, аммо Калт буни даргумон деб ҳисоблайди, чунки собиқ президентнинг илгари жиноят иши бўлмаган. Трамп ҳукм чиқарилгандан кейин 30 кун ичида апелляция бериши мумкин ва агар шундай қилса, жазо бироз ортга суриб турилади.
Трамп сайловда қатнаша оладими?
АҚШ Конституциясига кўра, президент мамлакатда туғилган фуқаро бўлиши, камида 35 ёшда ва АҚШда камида 14 йил истиқомат қилган бўлиши керак.
Бу маҳкум ёки синов муддатидаги шахснинг сайловда иштирок этишини ёки президент бўлишини тақиқламайди.
Социалистик партия раҳбари Юджин Дебс 1920 йилда исён учун қамалганида, панжара ортида туриб президентликка номзодини қўйганди. У миллион овоз олди. Жорж Буш 2000 йилда президент бўлишидан қарийб чорак аср олдин маст ҳолда машина ҳайдагани учун ҳибсга олинган ва 150 доллар жаримага тортилганди.
Трамп қамоқхонада ёки уй қамоғида президент сифатида қасамёд қилиши мумкин. У сайловда номзод сифатида қатнашиши мумкин бўлса ҳам, сайловда овоз беришдан маҳрум бўлиши мумкин.
Бу унинг сайлов ташвиқотига қандай таъсир қилади?
Трамп суд жараёнидан ўзининг ашаддий тарафдорлари базасини кучайтириш учун фойдаланган. У мени президентликдан четлатиш учун сиёсий фитна қилишмоқда деб таъкидламоқда. Айблов эълон қилинганидан бери унинг сиёсий кампаниясига хайриялар сони кўпайган.
Калтнинг таъкидлашича, ҳукм кўплаб сайловчиларни ҳайратда қолдириши даргумон, чунки кўпчилик аллақачон Трамп ҳақида қатъий фикрга эга.
"Унинг тарафдорлари орасида ҳукмни эшитгач кимдир, "Яхши. Фикрим ўзгарди" деб айтадиганлар кўп бўлишига шубҳам бор", дейди у.
NPR/PBS NewsHour/Marist Poll томонидан чоп этилган янги тадқиқот буни тасдиқлайди. Сўров натижаларига кўра, сайловчиларнинг 67 фоизи судланганлик ноябрь ойида кимга овоз беришига таъсир қилмаслигини айтган.
Шундай бўлса ҳам, дейди Калт, ҳар бир овоз ҳисобга олинадиган сайловларда ҳукмнинг таъсирини бутунлай инкор этиб бўлмайди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Трамп устидан бошқа судлар
Трампни яна учта суд жараёни кутмоқда: бири махфий ҳужжатларга эҳтиётсиз муносабат билан, бири 2021 йил 6 январда Капитолийдаги тартибсизликлар ва учинчиси Жоржиядаги сайловларга аралашув билан боғлиқ.
Махфий ҳужжатлар бўйича иш номаълум муддатга қолдирилди ва 6 январь воқеалари бўйича иш бошланиши Олий суд қарорига боғлиқ. Калтнинг фикрича, суд жараёнларининг ҳеч бири 2024 йил ноябрь сайловларидан олдин бошланмайди.
Жоржия иши кўриб чиқилаётган бўлса ҳам, Калт суд узоққа бориши ва Трампни сайловолди кампаниясидан четлатиши даргумон деб ҳисоблайди.
“Сайловга қанчалик яқинлашсак, [Жоржия] даъвоси кўриб чиқилишини тасаввур қилиш шунчалик қийин”, дейди у.
Агар Трамп ушбу ҳолатларнинг бирортаси бўйича айбдор деб топилса, жорий айблов ҳукми янги ҳукмни оғирлаштириши мумкин.
Агар сайланса, Трамп ўзи ўзини президент сифатида афв қила оладими?
Президент давлатга қарши жиноятларида айбланганларни афв этиш ваколатига эга эмас, шунинг учун Трамп Нью-Йоркдаги жараённи тўхтата олмади.
Ҳуқуқшунос олим Калтга кўра, президент федерал жиноят учун ўзини кечира оладими ёки йўқми, номаълум.
Аммо Трамп сайловда ғалаба қозонса, бош прокурор унга қарши штатларда кўрилган ишларни тўхтатиши мумкин.