Бўка ИИБсида қийноққа солингани айтилаётган 36 яшар эркак вафот этди.
Ички ишлар вазирлиги туман ИИБнинг деярли бутун раҳбарияти ишдан четлатилгани, икки тезкор ходим ҳибсга олинганини айтмоқда. Аммо расмий баёнотда ходимларнинг қийноқ қўллагани ҳақида сўз бормайди. Фақат марҳумнинг жасадида тан жароҳати борлиги айтилган.
Ҳодиса вафот этган гумондор яқинларининг норозилиги ортидан ўртага чиқмоқда.
Бу Ўзбкистон ички ишлар идорасида охирги бир ҳафта ичида маълум бўлган иккинчи ўлим ҳолатидир.
Тошкент вилояти Бўка туман Ички ишлар бўлимида сўроқ қилинган 1987 йилда туғилган, тўрт фарзанднинг отаси У.С., олган тан жароҳатлари оқибатида касалхонада вафот этди.
Мавзуга алоқадор Бўкада қийноққа солингани айтилаётган шахс вафот этди. ИИБнинг икки ходими қўлга олинди3 июнда содир бўлган ушбу ҳодиса матбуотга 5 июнь куни маълум бўлди. Тармоқлардаги шов-шувлардан сўнг Ички ишлар вазирлиги ҳодиса бўйича баёнот эълон қилди.
ИИВнинг дастлабки расмий ахборотида қўлга олинган шахс “АҚШда туғилган”и қайд этилади. Кейинроқ ИИВ расмий ахборотидан бу қайд олиб ташланди ва марҳумнинг Юқоричирчиқ туманида яшагани айтилди.
Расмий хабарга кўра, юқоричирчиқлик бу йигит қатор ўғриликларни содир этишда гумонланиб 3 июнда қўлга олинган:
"3 июнь куни соат тахминан 22.00ларда гумонланувчи У.С. Бўка тумани Жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилган тарзда махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилган. Жараёнда фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, кейинчалик ўлими юз берган".
Тайинланган бирламчи суд-тиббий экспертизасининг ташхисига кўра У.С.нинг танасида тан жароҳатлари борлиги аниқланган.
Дастлабки экспертиза хулосаларига кўра, марҳумнинг қорин соҳасига урилгани ва бўйин қисмидан бўғиб қийналгани аниқланган.
ИИВ билдирувида таъкидланишича, ҳозирда ҳибсга олинган икки тезкор ходим гумонланувчини қийноққа солганларини рад этмоқда. Прокуратура ҳодиса бўйича қўшимча экспертиза тайинлади.
Қийноқ ҳодисаси матбуотга ошкор бўлгач, Тошкент вилояти прокуратураси жиноят иши қўзғади. Марҳумни тергов қилган Бўка ИИБсининг икки ходими зудликда ишдан бўшатилиб, ҳибсга олинди.
Улар Жиноят кодексининг 235-моддаси, яъни “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш” моддасида қайд қилинган жиноятни содир қилганликда гумонланмоқда.
"Тошкент вилоятининг Бўка туманидан қийноқлар қўллангани ҳақида янги
хабар олдик. Энг аввало бир муҳим жиҳатни айтиб ўтишим керак: бугун Ўзбекистонда қийноқлар ҳақида очиқ-ойдин гапирила бошланди. Мамлакатда ЖКнинг 235-моддаси бўйича, яъни қийноққа солишда иштирок этганлик учун жавобгарликка тортиш амалиёти ишлаб чиқилаётгани белгилари мавжуд. Бироқ бундай жиноятларга алоқадор шахслар енгил-елпи жазо билан қутулиб қолиши мумкинлиги жиддий хавотир уйғотмоқда. Нега? Чунки қийноқларга алоқадор шахслар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари экани ва улар ҳарбий суд орқали жавобгарликка тортилиши рўкач қилиниб, суд жараёни ёпиқ тарзда ўтказилади", дейди Париждаги "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева.
Ички ишлар вазирлиги ушбу ҳодиса олдини олмагани учун Бўка ИИБсининг деярли барча мулозимларини ишдан олди.
"Холис тергов ва текширувни таъминлаш мақсадида, Ички ишлар вазирининг буйруғи билан хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган Бўка тумани ИИБ бошлиғи А.Бабаханов, унинг биринчи ўринбосари В.Худайқулов, жиноят қидирув бўлими раҳбари Ж.Субанов, тергов бўлими бошлиғи Ж.Ачилов, шунингдек навбатчилик қисми масъули Ш.Ибрагимовлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди", дейилади расмий баёнотда.
Шунингдек, вазирликнинг марказий аппарати ҳамда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси масъул раҳбарлари ва бошқа ходимларининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.
Тошкент вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин манбага кўра, вилоят Ички ишлар бош бошқармаси жиноят қидирув бўлимини 5 йилдан буён бошқараётган подполковник Ортиқ Худайбергенов ҳам Бўка воқеаси бўйича ишга тортилиши мумкин.
Kun.uz подполковник Худайбергановнинг президент Мирзиёевнинг маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергеновнинг ўғли эканига эътибор қаратиб, унинг раҳбарлиги даврида вилоятдаги жиноят қидируви хизмати ходимларининг кўплаб ғайриқонуний ишларига «кўз юмиб» келинаётганини иддао қилган.
Айни пайтда ижтимоий тармоқларда юқоричирчиқлик йигит ўлимидан сўнг, унинг ҳодисадан ғазабга келган қариндошлари Бўка тумани ИИБ биносига боргани ва улардан айримлари бино ичкарисига киришга уринаётгани акс этган видео тарқалди.
Юқоридаги видео ҳам Бўка туман ИИБ биноси олдида олингани айтилмоқда. Унда ўндан зиёд одам ИИБ биноси дарвозасини тепиб, норозилик билдираётгани акс этган.
Ички ишлар вазирлиги ҳодиса ортидан ИИБ биносида юз берган норозилик юзасидан расмий изоҳ берганича йўқ. Озодликнинг Бўка тумани ИИБси ва Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармасидан бу борада муносабат олишга уринишлари ҳам натижа бермади.
Айни пайтда марҳумнинг тўлиқ исми-шарифи ва шахси ҳақида батафсил маълумот йўқ. Озодлик манбалари гумондор ва норози яқинларининг Бўкадаги лўли миллатига мансуб маҳаллий аҳоли вакиллари эканини тасдиқламоқда. Озодлик гаплашган фаолларга кўра, ички ишлар вазирлигининг ҳодисага зудлик билан муносабат билдириши ва тизимга хос бўлмаган тарзда бутун бошли ИИБ раҳбариятининг истеъфога чиқарилиши ортида айнан миллатлараро тотувликка путур етказилиш хавфи турган бўлиши мумкин.
Тармоқларнинг ўзбек сегментида эса марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билан бирга, унинг яқинлари жасорати мақталган постлар ҳам пайдо бўлди.
"Лўлилар агар ростданам ёпирилиб бориб мелисаларга норозилигини кўрсата олган бўлса, лўлиларга таъзим қиламан мен. Лўлилар халқ, биз қўй отаримиз агар рост бўлса", дея ёзди Фейсбук фаоли Farukh Samarkandi ҳам.
Бўкадаги воқеа қийноқ билан боғлиқ сўнгги бир ҳафтадаги иккинчи ҳолат. Тошкентда гиёҳванд модда истеъмол қилишда гумонланиб ҳибсга олинган 21 яшар йигит ИИБда бир ҳафта давом этган сўроқдан сўнг 29 май куни Тез тиббий ёрдам бўлимида вафот этган. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги гумондорнинг Чилонзор туман ИИБ биносининг 4-қаватидан ўзини ташлаб, жонига қасд қилганини айтмоқда. Аммо шифокорлар ва яқинларининг кўрсатмалари расмий фараздан фарқ қилади. Бу эса марҳум ўлимига қийноқлар сабаб бўлгани ҳақидаги тахминларни келтириб чиқарди.
"Шу ҳафтада Тошкент вилоятининг Бўка туманида икки ходим бир кишини қийнаб ўлдирган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги машъум хабар Ўзбекистонда қийноқлар оддий ҳолга айланганини эслатади. Боз устига, ўтган ҳафтада бир одам жуда шубҳали тарзда – ИИБ биносининг тўртинчи қаватидан ўзини ташлаб, ўлди. Буларнинг бари мамлакатда қийноқлар билан боғлиқ вазият яхши эмас, деган муждани бермоқда", дейди АҚШдаги Жанубий Калифорния университети профессори, ҳуқуқшунос Стив Свердлов.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Нукус воқеаларида айбланиб 16 йилга қамалган Даулетмурат Тажимуратов ҳам Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги биносида бўлиб ўтган тергов жараёнида қийноққа солинганини айтган.
Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоботида ҳам Нукус воқеаларида айбланиб ҳибсга олинганларга қарши қийноқ қўлланилгани қайд қилинган.
Икки ой аввал Наманган ИИБси ҳам қийноқ воқеаси билан трендга чиққан эди. 12 апрель куни Наманган вилояти Поп тумани ИИБ томонидан ҳибсга олинган Россия Федерацияси фуқароси, тадбиркор Дилшод Тўрахўжаевнинг шафқатсиз қийноққа солингани хабар қилинган.
2021 йилнинг 26 июнь куни президент Мирзиёевнинг "Қийноқ қурбонларини қўллаш халқаро куни”да қийноқларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарори эълон қилинган, аммо фаолларга кўра, ўтган вақт мобайнида қийноқлардан ўлим ҳолатлари давом этмоқда.
Мавзуга алоқадор Қашқадарёда ИИБ олиб кетган фуқаро вафот этди. Унинг “алкоголдан" ўлгани иддао қилинмоқдаЖумладан, 2021 йилнинг 25 июль куни Қашқадарё вилояти Нишон тумани ИИБнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимига олиб келинган фуқаро Нурсоат Муҳаммадиевнинг жасади яқинларига топширилди. ИИБ органи унинг вилоят наркологик диспансерида вафот этгани, марҳумнинг яқинлари эса унинг уриб ўлдирилганини иддао қилди, қийноқ излари борасидаги важлар текширилмади.
2022 йилнинг 11 февраль куни Қашқадарё вилоят, Миришкор туман, “Чандир” маҳалласида яшовчи Юсуф Султонов ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилган ва орадан 6 соат ўтиб, яқинлари унинг ўлганидан хабар топишганди. Терговчи Султоновнинг "алкоголдан вафот этгани”ни айтган.
2022 йилнинг 17 октябрь куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жойлашган “Вояга етмаганларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази”да Учкўприк тумани Султон МФЙда яшовчи 9-синф ўқувчиси 15 яшар Равшанбек Абдусатторов калтакланиш натижасида вафот этган.
"Юқоридаги ва бошқа ҳолатлар ички ишлар органларига кириб қолган "бир-иккита ноинсоф" ходим эмас, балки тизимли муаммо, муаммо бўлса ҳамки, бунга косметик ислоҳотлар билан эмас, қатъий ва тизимли асосда чора кўрилиши лозим", дея ёзди Davletovuz Telegram канали.
Ҳуқуқ фаоллари мамлакатда қийноқлар билан боғлиқ хавотирларнинг сақланиб қолаётганини ички ишлар тизими тубдан ислоҳ қилинмагани билан боғлашади.
Собиқ депутат Расул Кушербаев ҳам Ўзбекистон Ички ишлар тизими “жарлик тубига шўнғигани”ни айтиб, вазиятни ўнглаш учун ҳақиқий ислоҳотларга зарурат борлигини таъкидлади:
"Биз ички ишлардаги ислоҳотлар ҳақида 2020 йилдан буён айтиб келамиз. Афсуски буни айтган билан фойда бўлмаяпти. Чунки бизда раҳбарларнинг истеъфоси билан боғлиқ фикрлар ҳеч қачон нормал қабул қилинмаслигини вақтнинг ўзи кўрсатиб бўлган.
Бироқ мен ҳамон шу фикрдаман: ислоҳотни аслида ички ишлар тизимининг энг юқори бўғинларидан бошлаш керак".
Ўтган ой президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларация қабул қилинганининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган.
Унга мувофиқ Ўзбекистон ҳукумати томонидан БМТнинг инсон ҳуқуқлари кенгашига мамлакатда инсон ҳуқуқлари таъминланиши, жумладан, қийноқларга қарши курашга оид миллий ҳисоботлар тайёрланади.
"Ислоҳотлар бошланганига кўп йиллар бўлганига қарамай, Халқаро Қизил хоч қўмитасига маҳкумлар ва маҳбуслар аҳволидан хабар олиш учун Ўзбекистон қамоқхоналарига эркин кириб-чиқишга рухсат берилгани йўқ. Бу биринчидан. Иккинчидан, ушбу муаммонинг сўз эркинлигига жуда катта алоқаси бор. Ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар эмин-эркин фаолият юрита олмас экан, биз бунақа жиноятлардан жуда оз хабардор бўламиз. Прокуратура ўша икки ходимни ҳибсга олгани ва тергов олиб бораётгани яхши, албатта. Аммо биз биламизки, Ўзбекистонда кўпинча бунақа тергов ва суриштирувлар қандайдир нотўғри натижа билан тугайди. Ҳолбуки бунақа ишлар синчиклаб, очиқ ва шаффоф тергов қилиниши, суд жараёни ҳам очиқ бўлмоғи лозим – токи ўлган фуқаронинг қариндошлари унда бевосита иштирок этиб, адолатни ҳис қилсинлар.
Ўзбекистон ҳукумати эса БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси сифатида ушбу муаммо билан фаолроқ шуғулланиши, қийноқларнинг олдини олиш билан бирга, фуқаролик ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, журналистлар мазкур жиддий муаммони очиқ-ойдин муҳокама қилишлари учун шароит яратиши керак", дейди АҚШдаги Жанубий Калифорния университети профессори, ҳуқуқшунос Стив Свердлов.
Ҳюман Райтс Вотч (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти 24 май куни эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонда ғайриинсоний муносабат ва қийноқ қўлланилаётганига оид иддаолар тилга олинган.
Бироқ ўтган ойда Самарқандда ўтказилган Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг анжуманида Ўзбекистондаги қийноқлар иддаосига ҳеч бир кўринишда муносабат билдирилмади. Банкнинг 20 йил аввал Тошкентда ўтган анжумани Ўзбекистондаги қийноқлар ва инсон ҳақлари билан боғлиқ бошқа муаммолар сабаб халқаро можарога айланиб кетган эди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
"Ҳуқуқ фаоллари ва фуқаролик жамияти вакиллари қийноққа солиш ҳолатлари жамоатчиликка ошкор бўлиши учун қўлларидан келган барча ишни қилишмоқда. Лекин бир нарсани тушуниб олайлик: давлат иродаси ва иштироки бўлмас экан, фуқаролик жамияти ривожланмас экан қийноқларга барҳам бериб бўлмайди", дейди Париждаги "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева.