“Осиё айиғи” сифатида танилган ММА жангчиси Мурод Хонтўраев автоаварияда ҳалок бўлди

Хонтўраев MMAдаги профессионал фаолиятини 2013 йилда бошлаган.

Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев 19 июль куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида юз берган автоаварияда ҳалок бўлди.

ИИВ ЙҲХББ ахборот хизматининг билдиришича, 4Р-12 автомобиль йўлининг 68-километрида BMW X5 автомашинасини миниб кетаётган Мурод Хонтўраев Lacetti билан тўқнашган. Оқибатда Мурод Хонтўраев воқеа жойида ҳалок бўлди. Унинг машинасида бўлган бир йўловчи тан жароҳатлари олгани ортидан касалхонага ётқизилган.

Расмий хабарда Lacetti ҳайдовчиси ҳақида маълумот берилмади.

1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Хонтўраев MMAдаги профессионал фаолиятини 2013 йилда бошлаган. У 15 та жанг ўтказиб, уларнинг 12 тасида ғалаба қозонган.

2018 йил 21 июнга ўтар кечаси спортчи Тошкентдаги тунги клублардан биридага муштлашувда иштирок этгани учун жаримага тортилган. Ўша йилнинг ноябрь ойида Хонтўраев ўз офисида номаълум шахслар томонидан пичоқлаб кетилганди.