Ўзбекистон мусулмонлар идораси вакцина олмаслик дуруст эмас, деб фатво берди.
Идора расмий сайтида "Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) вабосининг кенг тарқалиши олдини олиш бўйича ФАТВОСИ" эълон қилинди.
"Вакцина олмаслик, унинг таркиби тўғрисида бўлмағур гапларни тарқатиш дуруст эмас. Давлатимиз барча талабларга жавоб берувчи вакциналар воситасида оммавий равишда эмлаш ишларини амалга ошираётган экан, барча юртдошларимиз ўзлари ва оила аъзоларини, шифокорлар билан келишган ҳолда, эмлатишлари мақсадга мувофиқ бўлади", дейилади фатво матнида.
Айтилишича, идоранинг турли вилоятлардаги вакиллари аҳоли орасида вакцина олиш ва бу борадаги фатвонинг мазмунини тушунтириш ишларини олиб боради.
Gazeta.uz нашрининг ёзишича, аввалроқ идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, маҳаллий матбуотга жавобан, Ислом динида вакцина олишга тақиқ йўқлигини айтган:
"Бизга савол ҳам келади, вакцина баъзи ножоиз нарсалардан тайёрланаётган экан, деган мазмунда. Aслида ундай эмас. Бўлган тақдирда ҳам, бир нарса бошқа нарсага ўтганда, у ўзгаради деган қоидалар бор. Бу дорими, дорилик шароитига келгунча у асли ҳолатдан ўзгариб кетади. Шунинг учун бу нарсаларга эътибор бериш керак эмас. Мутахассис шуни даво деб тайинладими, демак, бу ҳалол томонга ўтди деган хулосани беряпмиз".
Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, 16 июлга келиб коронавирусга қарши тўлиқ эмланганлар сони 997,34 нафарга етган, жами 5,5 млн. доза вакцинадан фойдаланилган.