Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раисининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров Ўзбекистонда коронавирусга қарши мажбурий эмлов жорий қилиш ғоясини ёқлаб чиқди.
Депутат мулоҳазасича, иш берувчи ташкилот меҳнат жамосининг соғлом меҳнат фаолиятини таъминлаш мақсадида ходимларига коронавирусга қарши эмланишни мажбурий қилиб қўйса бўлади. Бу фикрни асослашда А. Қодиров Меҳнат кодексининг 212-моддасига таянган.
“Вакцина олишга мажбур эмассиз. Лекин хавфсизликни таъминлаш асосий вазифаси бўлган, бизнинг ишончимиз билан ваколатли бўлган ҳукумат эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида эмланмаганларнинг эркини чеклаши керак”, деб ёзган “Миллий тикланиш” партияси раиси ўз Телеграм-каналида.
А. Қодировга кўра, ҳар бир ўзбекистонлик эркин, лекин жамият олдида мажбуриятлари бўлган фуқаро эканини унутмаслиги керак.
“Ҳозирча вирусни иҳоталашнинг якка-ю ёлғиз йўли эмланиш экан, аввало ўзимиз ва яқинларимизнинг, қолаверса, атрофимиздагилар хавфсизлиги учун эмланишимиз шарт”, дея хулоса қилган депутат.
“Миллий тикланиш” партияси раиси шу йил 26 июнь куни ZF-UZ-VAC2001 ўзбек-хитой вакцинаси билан эмлангани ҳақида маълум қилган эди.