Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши ихтиёрий равишда эмланган тўлов-контракт асосида ўқийдиган талабаларга ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, 2021/2022 ўқув йили учун базавий тўлов контарктига 10 фоиз миқдорида бир марталик чегирма бонуси берилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги маълум қилди. Вазирликка кўра, ҳозирда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 18 ёшдан катта бўлган, бугунги кунда бакалавриатура, магистратура, клиник ординатура босқичларида таҳсил олаётган талабаларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан коронавирус инфекциясига қарши ихтиёрий равишда оммавий эмланмоқда.
Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кун сайин ортиб борар экан, корхона ва ташкилотлар ўз ходимларини зудликда эмлаш ҳақида кўрсатмалар олгани, баъзи жойларда ходимларни хитой-ўзбек вакцинаси билан эмлаш мажбурий тус олаётгани ҳақда Озодлик хабар берганди.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 30 июнь куни Хитой-Ўзбекистон ҳаммуаллифлигидаги ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг навбатдаги 1 миллион дозаси Хитойдан олиб келинган.
Мамлакатда эмлаш бошланганидан буён Ўзбекистонга бу вакцинанинг 6,5 миллион дозаси олиб келинган.
Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидан ташқари AstraZeneca (CovieShield) ҳамда “Спутник V” вакциналаридан фойдаланилмоқда.
Лекин мамлакат вакцина захирасидаги 7 ярим миллион дозанинг аксарини ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси ташкил этади.