Ўзбекистон Адлия вазирлиги мамлакат ҳудудида ҳайвонларни ов қилиш маълум ҳақ эвазига амалга оширилишини маълум қилди.
Вазирликнинг бу баёноти Тошкент вилоятида россиялик овчи Ўзбекистон "Қизил китоби"га киритилган Тяншан қўнғир айиғини отиб ўлдиргани муҳокамаларга сабаб бўлаётган кезда янгради.
Адлия вазирлиги матбуот хизматига кўра, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси 10 декабрга қадар (қўшимча квота учун 10 майга қадар) бўлган муддатда Фанлар академиясининг хулосаси асосида ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталарни тасдиқлайди ва тегишли тартибда қўмитанинг маҳаллий бошқармаларига юборади. Қўмитанинг ҳудудий органлари эса ҳайвонот дунёсидан фойдаланишга доир рухсатномаларни беради.
"Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида"ги қонунда, шунингдек, Ўзбекистон "Қизил китоб"ига киритилган камёб ва йўқолиб бораётган сутемизувчилар турлари бўйича алоҳида тўлов миқдорлари белгиланган", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати билдирувида.
Ўзбекистонда ёввойи ҳайвонларни овлаш учун нархлар рўйхатида Тяншан қўнғир айиғини илмий, тиббий ва назорат мақсадида тутиш учун ўзбекистонликларга 19,6 миллион сўм, спорт, ҳаваскорлик ва ўлжа олиш мақсадида тутиш учун эса 24,5 миллион сўм тўлов белгиланган.
Хорижлик фуқароларга эса ушбу ҳайвонни ов қилишнинг барча турлари бўйича тутишга 3 минг доллар миқдорида тўлов белгиланган.