АҚШда Капитолийга бостириб кирганларга айблов эълон қилиниши кутилмоқда

Капитолийга ҳужум қилган Трамп тарафдорларидан бирини полициячи қўлга олмоқда, январь, Вашингтон, АҚШ

Капитолий полицияси президент Дональд Трампнинг ғазабланган тарафдорлари Капитолийга бостириб кирганидан кейин, уларга нисбатан полиция муносиб тарзда жавоб қайтарди, деб баёнот берди.

7 январь кунги баёнотда полиция маъмурияти, ҳодиса ортидан ўз номига кучайган танқидларга жавоб беришга уринди ва тез орада илк айбловлар эълон қилинишини маълум қилди.

Федерал қидирув бюроси раҳбари Кристофер Рэйнинг айтишича, бюро ходимлари, АҚШнинг замонавий тарихида мисли кўрилмаган ҳодисага алоқадор шахсларни аниқлаш ва ҳибсга олиш учун фаоллик билан ишламоқда.

Айни пайтда, Рэй ҳуқуқбузарларни аниқлашда жамоатчиликдан ёрдам сўради.

Конгресснинг 6 январь куни бўлиб ўтган мажлиси, Трамп тарафдорлари Капитолий биносига бостириб кирганидан сўнг, тўхтаб қолаёзди. Бино бир неча соат ўтгач, норозилардан тозаланди ва конгрессменлар сайлов натижасини 7 январга ўтар кечаси сертификация қилишга муваффақ бўлди.

Капитолий полицияси бошлиғи Стивен Сунд, ушбу воқеадан кейин эълон қилган биринчи оммавий баёнотида, Капитолий полицияси «зўравон тартибсизликларда иштирок этган минглаб шахсга дуч келган бир пайтда жасурлик кўрсатди» деб таъкидлади.