Жо Байден АҚШнинг 46-президенти бўлди (ВИДЕО)

АҚШда 3 ноябрь куни ўтган президентлик сайловларида Демократик партиядан номзод Жо Байден ғолиб деб эълон қилинди.

Қўшма Штатларнинг собиқ вице-президенти ва сенатор Жо Байден кескин курашлар остида кечган сайловда ўз рақиби – амалдаги президент Дональд Трамп устидан ғалаба қозонди.

Бу Байденнинг қарийб 50 йиллик сиёсий фаолиятида президентлик курсиси учун учинчи беллашуви эди.

Бироқ у 2021 йил январида давлат раҳбари ўлароқ Оқ уйга қадам қўйган пайт бўлиниб - парчаланиб кетган АҚШ жамияти билан юзма-юз келиши мумкин.

Байден ким?

Президент Трамп устидан қозонилган ғалаба Байден учун 30 йиллик орзунинг ушалишидир.

Демократик партия номзоди президент Трампнинг коронавирусга қарши курашидан норозилик ва унинг жамоатчилик олдидаги уришқоқлигидан чарчоқ ҳиссидан усталик билан фойдаланди.

20 ноябрь куни Байден 78 ёшга тўлади, бу билан у сайланган пайтида АҚШда энг кекса ёшда бўлган президентга айланади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

АҚШнинг 46 президенти Жо Байден ҳаëтига назар

Байден америкаликларни бирлаштириш, коронавирус ёйилишини секинлатиш, НАТОдаги иттифоқчилар билан алоқаларни тиклаш ва Америкага олдинги нуфузини қайтаришни ваъда қилган. 2020 йил бошида у Трампнинг деярли ҳар бир қадами амалда Американинг "нуфузи ва таъсир кучи"га путур етказганини айтган эди.

- Мен мамлакатимизни биламан. Мен халқимизни биламан. Мен ҳаммамиз бирлашиб, яраларимизни тузата олишимизни биламан, деган эди Байден 27 октябрь куни Жоржия штатида ўтказилган сайловолди намойишида.

Байденни олдинда ҳали ечиш қийин бўлган масалалар кутиб турибди.

20 январда Оқ уйга раҳбар бўлганидан кейин Байден муҳожирлик ва ирқчилик масаласида Америка жамиятидаги чуқур бўлинишлар билан бир қаторда қарийб 10 миллион одамга юққан ва 230 мингдан зиёд инсоннинг ўлимига сабаб бўлган коронавирус пандемиясига қарши курашиши керак бўлади.

Пандемия нафақат иқтисодиёт, балки кундалик ҳаëтга ҳам катта таъсир кўрсатди: ишсизлик даражасининг ошиб бораëтгани аҳоли орасида эртанги кунга бўлган ишончни сусайтирмоқда.

Бундан ташқари, Байден Европадаги иттифоқчилар билан алоқани тиклаши, Россия томонидан бўладиган босим ҳамда Хитойнинг дунëдаги тартибни ўзгартириш уринишига ҳам қарши туришига тўғри келади.

Сайланган президент 330 миллион америкаликка ҳам, хорижий мамлакатлар лидерларига ҳам яхши таниш. Байден қарийб ярим аср Вашингтонда давлат хизматида ишлаган: бунинг 35 йили Сенатда ва 2009 йилдан 2017 йилгача 8 йил давомида Барак Обама даврида вице-президентлик лавозимида кечган.

Жо Байден кўп йиллар давомида Сенатнинг халқаро алоқалар қўмитаси аъзоси ва уч марта унинг раиси бўлган. У тез-тез хорижий давлатларга сафар қилган, савдо-сотиқ ва ядровий қуролларга оид музокараларда қатнашган.

Байден 1979 йилда қуролланиш устидан назорат ўрнатишни муҳокама қилиш учун СССР Олий Кенгаши раиси Леонид Брежнев билан учрашган эди. 1990-йилларда у Совет Иттифоқи парчаланиб, Шарқий Европада коммунистик режимлар қулаши ортидан НАТОнинг кенгайишини дастаклаган.

Халқаро сиëсатда тажрибаси катта бўлгани учун Обама Байденни икки марта вице-президент ўлароқ танлади. 2008 йилги президент сайловида Иллинойс штатидан бўлган ëш сенатор Барак Обамага Вьетнамдаги урушда қатнашган ва Сенатнинг қуролли кучлар қўмитасида ишлаган 71 ëшли республикачи Жон Маккейнга қарши курашда Байденнинг сиёсий тажрибаси жуда қўл келган эди.

Учинчи уриниш

Байден ва Трамп сайловолди дебатларида бир-бирларини кўп танқид қилишди. Аммо Трампдан фарқли ўлароқ, Байден ўзини юмшоқ ва хушмуомала тутди.

Ва бу билан амалдаги президент Трампнинг шахсий хуружлари ва кескин оҳангдаги твитларидан чарчаган сайловчиларнинг симпатиясини қозонган бўлса, ажаб эмас.

Таҳлилчилар фикрича, Байденнинг узоқ йиллардан бери сиëсатда қолишига сабаб одамлар уни тинглашга тайëрлигидадир: унда ўзининг машаққатли ҳаëти ҳақида айтиб бериш мумкин бўлган ҳикоялар кўп ва бу кўпчилик сайловчиларда катта қизиқиш уйғотади.

Жозеф Робинетт Байден 1942 йили Пенсильвания штатидаги Скрантонда аввал бой бўлган, кейинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келиб, ўртаҳолга айланган католик оилада туғилган.

Байден оиладаги 4 фарзанд орасида тўнғичи эди. У Делавэр штатидаги Уилмингтон шаҳрида улғайди. Бу ерда Байденнинг отаси минилган автомобиллар савдоси билан шуғулланарди.

Байден католик мактабида ўқиб юрганида Америка футболи ва бейсбол ўйнаган. Мактабда баҳолари ëмонроқ бўлишига қарамасдан, охирги икки йилда синф етакчиси бўлган. Кейинчалик у Делавер университетида ўқиди ва Нью Йорк штатидаги Сиракуза университетини ҳам тамомлади.

Байден 1966 йилда Сиракуза университети талабаси Нелия Хантерга уйланди ва улар Байден адвокатлик имтиҳонини топширган Делаверга кўчиб ўтишди. Жуфтлик уч нафар фарзанд кўришган.

Нелия 1972 йили 29 ёшли Байден илк бор Сенатга сайланганидан бир неча ҳафта ўтгач, автоҳалокатда вафот этади. Нелия билан бирга уларнинг бир яшар қизалоғи Наоми ҳам нобуд бўлган, ўғиллари Хантер ва Бо эса тан жароҳати олишганди.

Бо 2015 йили 45 ëшида мия саратонидан вафот этди. Ҳозир 50 ёшда бўлган Хантер узоқ йиллар ичкиликбозлик ва гиëҳвандликдан қутилиш учун курашган. 2014-2019 йиллар давомида у Украина энергетика ширкати директорлар кенгашида анча даромадли лавозимни эгаллаганди. Шу важдан Трамп тарафдорлари президентлик пойгаси чоғида Байденга қарши коррупция даъволарини илгари суришди.

Жо Байденнинг айтишича, автоҳалокатдан сўнг болалари билан кўпроқ вақт ўтказиш мақсадида Сенатдан кетмоқчи бўлган, аммо ҳамкасблари уни бу фикрдан қайтаришган. У иши ва оила ўртасида мувозанат сақлаш учун Делавердан Вашингтонга поездда келишга ҳар куни бир ярим соат вақт сарфлар ва шу сабабдан, "темирйўлчи Жо" лақабини олган эди.

Сенатдаги 35 йиллик фаолияти давомида Байден бирон марта ҳам ютқазган эмас, бироқ унинг сиëсий карьераси бир текис кечган, деб бўлмайди.

1988 ва 2008 йилларда у демократлар партиясидан президентлик номзод бўлишга уринган, аммо иккала сафар ҳам партиядош рақибларига ютқазган эди.

2020 йилги президентликка номзод кўрсатишда ҳам даставвал шундай бўлиши кутилгандек эди.

Президентликка номзод бўлиш йўли

Байден президентлик беллашувида иштирок этиш режасини 2019 йил апрелида эълон қилди. У бир неча ой мобайнида қарор бера олмаган, ўзидан ëш, либералроқ ëки сўлчироқ, сиëсатда Жо Байдендан тажрибасизроқ бўлган йигирма чоғли номзод мусобақадан тушиб қолганидан кейингина бунга аҳд қилган эди.

Байден ўзини Трампнинг уч йиллик ҳукмронлиги чоғида "жанг майдони"га айланиб қолган мамлакатда "барқарорлик рамзи" сифатида тақдим қилди. У Трампнинг ирқчилик ва иммиграция масалаларида жамиятни иккига бўлиб ташлагани ва АҚШнинг асосий қадриятлари, дунëдаги мавқеи, демократик тизимини таҳдид остига қўйганини уқтирди.

"Биз халқимизнинг юрагини забт этиш учун жанг олиб боряпмиз", деганди Байден ўз номзодини илгари сураркан. Унга кўра, агар Трампнинг ҳокимият тепасида қолишига яна тўрт йил йўл қўйиб берилса, у америкаликларнинг табиатини буткул ўзгартириб, уларни ўзлигидан айиради. "Мен бир чеккада бунга томошабин бўлиб тура олмайман", деган эди Байден.

Бироқ омма сўровларига кўра, Байден демократик партиянинг бошқа эҳтимолий номзодлари орасида унчалик ажралиб ҳам турмаган. Бу сафар номзодлар жуда фарқли эди: улар орасида келиб чиқиши африкалик ва ҳиндистонлик аëллар ҳам, очиқ гей ҳам, социалист ҳам бор эди. Шу важдан Байденнинг номзодлик учун 2020 йил бошиданоқ жиддий кураш олиб боришига тўғри келган.

Байден пойганинг февраль ойида бўлиб ўтган илк босқичларида ўзини яхши кўрсата олмади. Ўша пайтда ёш демократлар 70ни қоралаган Берни Сандерс ва Элизабет Уоррен каби либералроқ ëки ëшроқ ва мўътадилроқ номзодларни танлашган. Байден февраль ойи охирларига келибгина Жанубий Каролинада, асосан қора танли америкаликлар дастаги туфайли илк ғалабасини қўлга киритди.

Тез орада мўътадил номзодлар демократик партиядан номзод учун ўз имкониятларини етарли даражада юксак деб ҳисобламагани ëки Сандерс номзод бўладиган бўлса, ноябрда бўладиган сайловда Трампга ютқазиб қўйишидан хавфсираб, президентлик пойгасидан чекина бошлашди. Мўътадил номзодларнинг чекиниши Байденнинг йўлини очди: у тез орада Сандерсдан ўзиб, июнь ойида президентлик учун Демократик партиядан расман номзод сифатида илгари сурилди.

Байденнинг праймеризда қозонган ғалабасини "кўпчиликка Жо амаки ёқиши билан изоҳлаш мумкин", деб ёзганди март ойида "Вашингтон пост" колумнисти Макс Бут.

COVID-19 ва президентлик кампанияси

2020 йилги президентлик кампаниясини коронавирус пандемияси остин-устун қилиб ташлади: замонавий сиëсий пойгаларнинг асосий унсури бўлган тарафдорлар ва иккиланаëтган сайловчилар иштирокидаги кенг кўламли сиëсий намойишларни ўтказиш саломатлик учун жиддий хавф туғдиргани боис имконсиз эди.

Республикачилар ўз тадбирларининг бир қисминигина онлайн режимига ўтказган август ойида Демократик партия тўлалигича виртуал қурултой уюштирди.

Байден ëши туфайли риск гуруҳига киргани учун деярли бутун кампания давомида уйидан ишлади, интервьюларни онлайн берди.

Кўплаб тарафдорлар иштирокида ўтадиган шовқин-суронли митингларга ўрганган Трамп тиббиëтчиларнинг тавсияларини кўпинча менсимади ва мамлакат бўйлаб йирик тадбирлар уюштиришда давом этди.

Трамп Байденнинг ниқоб тақиши ва кампанияни уйидан юритаëтгани учун уни "Жо Ҳайден" (Жо - бекинмачоқчи) деб атаб, мунтазам равишда устидан кулиб келди.

Аммо Байденнинг шовқинсиз кампанияси унга ўзининг кучсиз томони бўлган омма олдидаги чиқишларга чап беришда қўл келган. Байден нафақат ўзининг ëқимли табассуми, балки ўз чиқишларида сонлар ва йилларни адаштириши, исмларни бошқача айтиб юбориши билан ҳам танилган.

Шуларга қарамай, сентябрь ва октябрь ойларида Трамп билан ўтказилган дебатларда Байден қарийб адашгани йўқ – у 200 мингдан ортиқ америкаликнинг ёстиғини қуритган коронавирус эпидемиясига қарши курашда амалдаги президентнинг муваффақиятсизликларини кескин танқид қилди.

"Бу қадар ўлим учун масъул бўлган одам Америка Қўшма Штатларининг президенти бўлиб қолмаслиги лозим", деганди Байден 22 октябрь кунги дебатда.

Байден президентлиги қандай бўлади?

АҚШ президентлигига номзод ўлароқ Жо Байден президент Дональд Трамп ҳукмронлиги даврида узилган ҳамкорлик алоқаларини тиклашни ҳамда авторитаризм, пандемиялар ва иқлим ўзгариши каби глобал масалаларга қарши курашда Американи қайтадан етакчи давлатга айлантиришни ваъда қилди. Аммо у хорижий сиёсат билан шуғулланишдан олдин тенгсизлик, ишсизлик ва ирқий зиддиятлар каби мамлакат ичидаги муаммоларни ҳал қилиш йўлида чора кўриши керак бўлади.

Байден Трамп маъмуриятининг ташқи сиёсат соҳасида қўйган бир неча қадамларини бекор қилишни ваъда қилган. Хусусан, АҚШни халқаро келишувларга қайтармоқчи ва Европа билан алоқаларни яхшиламоқчи. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Европа ўртасидаги алоқалар Европада сўнгги 75 йил давомида тинчликнинг сақланишида муҳим рол ўйнаб келади.

Собиқ вице-президент ҳамда Вашингтонда қарийб 50 йил мобайнида ишлаган Байден АҚШ демократик давлатлар иттифоқларига етакчилик қилган ҳолда глобал муаммоларга ечим топа олишига ишонади.

Байден президент курсисига ўтирганидан кейин, Америка "қайтадан дунёга етакчи бўлишини" таъминлаш учун зудлик билан чора кўришини айтган.

Аммо Байден январь ойида президентлик лавозимига киришганидан кейин, йирик ички муаммолар билан рўбарў келади. Улар орасида коронавирус пандемияси, ишсизлик, ирқий зиддиятлар ҳамда ошиб бораётган тенгсизлик каби муаммолар бор. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, бу ҳолат Байденни ташқи сиёсатни иккинчи ўринга қўйишга мажбурлаши мумкин.

Шунингдек, уларнинг сўзларига кўра, Байден маъмурияти хорижий сиёсат бўйича жамоа тузиши ва муайян устувор вазифаларни белгилаши учун бир неча ой вақт керак бўлади.

НАТО ва Европа

Байден трансатлантик алоқаларни мустаҳкамлашини айтиб келади. Унинг сўзларига кўра, президент Трамп Европа Иттифоқи ва НАТОни қайта-қайта танқид қилиб, Европа маҳсулотларига қарши тарифларни жорий қилиш ҳамда Вашингтонни халқаро келишувлардан чиқариб олиш билан АҚШ ва Европа ўртасидаги муносабатларга путур етказган.

Трамп 2016 йилда НАТОни "эскирган" ташкилот ўлароқ таърифлаган эди. Байден эса ташкилотни "замонавий тарихдаги энг самарали сиёсий-ҳарбий иттифоқ" ўлароқ таърифлаб, ташкилот НАТО бўлиб қолиши ҳамда Россия соладиган янги таҳдидларга мослашиши кераклигини айтиб келади.

2020 йил бошида Байден Foreign Affairs журналига ёзган мақоласида "Россия тажовузига қарши туриш учун биз иттифоқнинг ҳарбий салоҳиятини кучли ушлаб туришимиз керак. Шу билан бирга, коррупция, дезинформация ва киберўғрилик каби ноанъанавий таҳдидларга қарши курашиш имкониятларини кенгайтиришимиз керак", дея таъкидлаган эди.

Россия ва Украина

Байден Россияни "рақиб" ва АҚШ хавфсизлигига бугунга кундаги энг йирик "таҳдид" ўлароқ таърифлаган. У президент Владимир Путинга қарши қаттиқ туришини айтиб келади.

Байден Кремлни Қримни аннексия қилиб олгани ҳамда Украинанинг Донбасс минтақасида россияпараст бўлгинчиларни дастаклаб келаётгани учун кескин танқид қилган. Шунингдек, у Кремлни АҚШ сайловларига аралашишда ҳамда россиялик журналистлар ва фуқаровий жамият етакчиларига қарши ҳужумлар уюштиришда айблаб келади. Трамп эса, Кремлни камдан-кам ҳолатларда танқид қилган эди.

Байден август ойида Twitterда "Трампдан фарқли ўлароқ, мен демократик қадриятларимизни ҳимоя қиламан ва Путин сингари автократларга қарши тураман", деб ёзган эди.

Шунингдек, Байден Москва 2020 йилги президентлик сайловига аралашса, уни жазолашни ваъда қилган. Қолаверса, Трампдан фарқли ўлароқ, Байден Россияни саноати ривожланган Катта еттилик (G7) гуруҳига қайтадан таклиф қилишни истамайди.

"Биз Россияни халқаро меъёрларни бузганлиги учун жавоб беришга мажбурлашимиз ҳамда мунтазам равишда ва жасорат билан Путиннинг клептократик, авторитар тузумига қарши курашиб келаётган Россия фуқаролик жамиятини қўллашимиз керак", деб ёзган эди у Foreign Affairs мақоласида.

Байден Россия газини Европага элтишни кўзловчи Nord Stream 2 (Шимолий оқим-2) лойиҳасини бекор қилиш тарафдори. Лойиҳага қаршилар у Украинани газ транзитидан тушадиган мўмай даромад манбасидан айириши ҳамда Европанинг Россия энергиясига қарамлигини оширишини айтиб келадилар.

Байден Украина мустақиллигини ҳамда Европа билан интеграциясини яқиндан қўллайди. Хусусан, у Россия дастаклаётган бўлгинчиларга қарши курашда Киевга кўмаклашиш учун мамлакатни қурол-аслаҳа билан таъминлаш тарафдори.

Қурол-яроғ назорати

Байден ядровий қуроллар бўйича Россия билан имзоланган New START шартномасини узайтиришини, бир вақтнинг ўзида янги келишув устида музокара олиб боришини айтиб келади. Стратегик ядровий қуролларга чеклов қўювчи New START шартномаси февраль ойида ўз кучини йўқотади. Тарафлар келишса, келишув яна беш йилга узайтирилиши мумкин.

Трамп маъмурияти Москванинг шартномани ҳеч бир ўзгаришсиз узайтириш таклифига рози бўлмади ва бу масалада бирор келишувга келмади. Байден шартнома АҚШ хавфсизлиги учун муҳим эканлигига ва янги шартнома имзолангунича, жорий келишув узайтирилиши кераклигига ишонади.

Байденнинг Путин ва Россия ҳаракатлари бўйича позициясидан Вашингтон ва Москва ўртасидаги зиддият сақланиб қолишини ва ҳатто Байден лавозимига киришганидан кейин, янада кескинлашишини тахмин қилиш мумкин.

Таҳлилчилар фикрича, қурол-яроғ назорати масаласи АҚШ ва Россия ўртасида самарали музокараларни бошлаш учун асос бўла олади.

Эрон

Байден агар Эрон 2015 йилда Теҳрон ва қудратли давлатлар ўртасида тузилган битимда ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажара бошласа, АҚШни келишувга қайтаришни хоҳлайди. Мазкур битимда Теҳрон ядровий дастури чекланиши эвазига Эронга нисбатан киритилган санкцияларнинг олиб ташланиши кўзда тутилганди.

2018 йилда Трамп Вашингтонни келишувдан чиқариб олиб, Теҳронга қарши санкция жорий қилишни бошлади, натижада Эрон келишув шартларини бузишга киришди. Санкциялар Эрон иқтисодига қаттиқ зарба бўлди, аммо Теҳронни янги келишув имзолашга мажбурлай олмади.

Байден келишувни имзолаган бошқа давлатлар – Буюк Британия, Франция, Германия, Россия ва Хитой, шунингдек, Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда келишув шартларини ўзгартиришини айтган.

"Ҳамкорларимиз билан биз ядровий келишув қоидаларини кучайтириш ва кенгайтириш бўйича иш олиб борамиз", - деди Байден. Шунингдек, у АҚШ ҳамкорлари билан биргаликда Эронда инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва чет элликларнинг қамоққа олиниши каби бошқа муаммоларни ҳал қилишга ваъда берди.

Хитой

Байден 2009-2017 йилларда вице-президент ўлароқ ишлаган. Кейинги йилларда у вице-президент бўлиб ишлаган даврига солиштирганда Хитой бўйича мавқейини янада қатъийлаштирди. Хусусан, у Пекинни инсон ҳуқуқларини бузишда ҳамда адолатсиз савдо сиёсатини олиб боришда айблади.

Айни дамда Байден Трампнинг Хитой бўйича сиёсатини танқид қилди. Хусусан, Байден Трамп дунёдаги иккинчи йирик иқтисод бўлмиш Хитой билан тўғридан-тўғри савдо уришини бошлаш ўрнига, ҳамкор мамлакатлар билан коалиция тузиши лозим бўлганини айтди.

"Биз бошқа демократик давлатлар билан саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирганимизда кучимиз икки баробардан кўпроққа ошади. Хитой глобал иқтисодиётнинг ярмидан кўпини эътиборсиз қолдиролмайди. Бу бизни атроф-муҳитдан тортиб то меҳнат, савдо-сотиқ, технология ва шаффофликкача бўлган мавзуларда йўл хариталарини шакллантириш учун муҳим восита билан таъминлайди", - деди у.

Аммо айрим таҳлилчилар Байден Трамп жорий қилган тарифларни зудлик билан бекор қилмаслигини тахмин қилмоқда.

Афғонистон

Байден АҚШ қўшинларини Афғонистондан уйларига қайтаришини айтган. Қўшма Штатлар 2001 йил 11 сентябрида содир этилган террор ҳужумлари ортидан Толибон экстремистик гуруҳини ҳокимиятдан ағдариш учун Афғонистонга бостириб кирган эди. Байден мамлакатда терроризмга қарши курашни давом эттириши учун оз сонли махсус кучларни қолдиришни истайди.

У вице-президент бўлиб ишлаган пайтида Афғонистондаги АҚШ қўшинлари сонини оширишга қарши чиққан эди.

Байден 20 январь куни президент курсисига ўтирганидан кейин, Трамп маъмурияти бошлаган тинчлик жараёнини давом эттириши керак бўлади. АҚШ ҳукумати жорий йил февралида Толибон билан сиёсий келишув имзолаган. Бу эса жангарилар Афғонистоннинг АҚШ қўллаб келаётган ҳукумати билан музокара олиб боришига замин яратди.

Атроф-муҳит

Байден глобал иқлим исишни "экзистенциал таҳдид" деб атаб, Қўшма Штатларни 2015 йил иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича имзоланган Париж келишувига қайтаришини айтган. Трамп лавозимига киришганидан кейин бир неча ой ўтиб, Вашингтонни мазкур келишувдан чиқариб олган эди.

"Мен Байден маъмуриятининг биринчи кунидаёқ Париж иқлим келишувига қўшиламан ва дунёдаги йирик углерод чиқарувчи давлатлар саммитини чақираман", деб ёзган эди у Foreign Affairs мақоласида.

Байден мамлакатдаги углеводородлар истеъмолини камайтириш мақсадида ички қайта тикланадиган энергетика саноатини, хусусан, шамол ва қуёш энергиясини ишлаб чиқарувчи ширкатларни қўллаб-қувватлашини айтган. Танқидчилар Байден қазиб олинадиган ёқилғи саноати устидан назоратни кучайтиришидан ҳамда бу ҳолат инвестициялар ва иқтисодий ўсиш суръатини пасайтиришидан хавотирда.

Трамп етакчилиги остида АҚШ нефть ва газ қазиб олишни давом эттирди ва дунёдаги энг йирик углеводород ишлаб чиқарувчи давлатга айланди.

АҚШда нефть ва газ қазиб олиш ҳажмининг ўсиши Вашингтонга Россия, Эрон ва Венесуэла каби мамлакатларга нисбатан энергия билан боғлиқ санкцияларни жорий этишга имкон берди.

Демократия

Байден АҚШ ҳамкорлари билан жаҳон бўйлаб демократик давлатларни мустаҳкамлаш ва авторитаризмни чеклаш йўлида ишлашини айтган. У НАТОга аъзо баъзи давлатларда, жумладан, Польша ва Венгрияда демократиянинг орқага қайтганида хавотир изҳор қилди.

"Президентлигимнинг илк йилида эркин дунё халқларининг руҳи ва умумий мақсадларини янгилаш учун Қўшма Штатлар демократия бўйича глобал саммитни ташкил қилиб, унга мезбонлик қилади. Саммит демократик институтларимизни мустаҳкамлаш, ортга чекинаётган давлатлар билан очиқчасига гаплашиш ва умумий кун тартибини тузиш учун дунё демократияларини бирлаштиради", деб ёзган эди Байден 2020 йил бошида.

Ички масалалар

Байден сўнгги ойларда қора танлиларга қарши полиция зўравонлиги ва коронавирус юзасидан бошланиб кетган норозилик намойишлари туфайли бўлинган мамлакатга етакчи бўлди.

Трампнинг танқидчилари уни ирқий ва иммиграция масалаларида бўлинишни кучайтиришда айбладилар. Байден эса, кескин кечган сайлов кампанияси ортидан мамлакатни бирлаштириши керак бўлади.

Байден коронавирусга қарши курашда "олимларни тинглашини" ҳамда вирус АҚШда тарқалишига қарши курашиш учун "нима керак бўлса" қилишини айтган. Жумладан, у кескин карантин чораларини жорий қилиши мумкин. Шунингдек, Байден жамоат жойларида тиббий ниқоб тақишни мажбурий қилишини айтган.

АҚШда коронавирус инфекциялари ва вирус туфайли нобуд бўлганлар сони бошқа мамлакатларга солиштирганда энг юқори. Пандемия ишсизлик авж олишига олиб келди ва кам таъминланган ишчиларга оғир тушди. Бу эса мамлакатдаги тенгсизликни янада оширди.

Байден Трампнинг корпорациялар ва энг бадавлат америкаликларга солиқ енгилликларини бериш сиёсатини бекор қилиб, энг кам иш ҳақини оширишини айтган. Шунингдек, у Obamacare номи билан танилган тиббий суғурта қонунини кучайтиришга ваъда берган. Трамп 2010 йилда имзоланган "Тиббий суғурта тўғрисидаги қонунни" ўзгартиргани учун танқидга учраган эди.